Ссылки доступа

Ўзбекистонда беш ярим йилда 38 эркак кўпхотинликда айбланиб судланди


Ўзбекистонда 2018 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда 34 нафар эркак Жиноят кодексининг 126-моддаси (Кўп хотинли бўлиш) асосида судланган. 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса бу модда асосида судланганлар сони 4 кишини ташкил қилди.

Бу ҳақда хабар берган Олий суд матбуот хизмати уларга нисбатан қандай жазо чоралари қўлланилгани тўғрисида маълум қилмади.

Ўзбекистон қонунчилигига асосан мазкур модда асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.

Ўзбекистонда кўп хотинлик муаммоси узоқ йиллардан бери муҳокамалар мавзуси бўлиб келмоқда. Ўзбекистонда илк маротаба расмий даражада бу муаммо 2019 йилнинг 1 мартида Тошкентдаги “Ёшлар маркази” биносида масжид имом-хатиблари ва ноиб-имомлари билан ўтган учрашувда кўтарилган эди. Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийлари “жамиятда авж олаётган икки ва кўп хотинлик масаласи”ни кўтаргани хабар қилинган эди. Аммо шундан сўнг бу муаммо расмий даражада кўтарилгани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.

2015 йилнинг 25 ноябрида эса БМТнинг Аёлларга нисбатан дискриминацияни бартараф этиш қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини кўпхотинлик, эрта ва мажбурий никоҳлар амалиётига барҳам беришга чақирган эди.

XS
SM
MD
LG