Жасадни топшириш вақтида унинг қариндошларига бўлинма вакиллари 4 август куни Абубакр ҳарбий қисм йўлагида “йиқилиб ҳалок бўлган”ини айтишган, бироқ йигитнинг ота-онаси унинг бошида “кучли зарба изи” борлигини даъво қилмоқда.
Аскар суд-тиббий экспертизадан сўнг у 5 август куни ўзи туғилиб ўсган Суғд вилояти Деваштич туманидаги Овчи қишлоғида дафн этилган.
Қариндошларининг хабар беришича, Абубакрнинг ортида хотини ва бир фарзанди қолган. Уларнинг сўзларига кўра, марҳум жорий йилнинг баҳорида Хўжанддаги Иқтисодиёт ва савдо институтини тамомлагач, «ихтиёрий» армияга кетган.
Марҳум аскарнинг отаси Мурод Ҳусейновнинг 6 август куни Озодлик радиосига айтишича, унинг ўғли Матча туманининг Бустон шаҳрида жойлашган чегара қўшинларида хизмат қилган. “Ўтган ҳафтада у қаттиқ тушкунликка тушиб, бошқа ҳарбий қисмга ўтказилишини сўраган. 4 август куни амакиси унинг олдига келганида бўлим бошлиғи Абубакр касалхонада эканлигини айтди, бироздан кейин унинг ўлими ҳақида бизга хабар берилди”, — деди у.
Расмий тузилмалар бу ҳолат юзасидан изоҳ бермаяпти.
«Овчи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бобосангин Сангинов 6 август куни “Ҳарбий прокуратура текширув ўтказаяпти, уларнинг хулосасини кутяпмиз”, деди.
Аскарнинг дафн маросимида қатнашган Матча тумани ҳокими Аъзам Ализода ва Деваштич тумани ҳокими Ашурали Жалилзода яқинларига бу факт адолатли текширилишига ваъда берди.
Марҳум аскарнинг яқинлари ҳозиргача Абубакрнинг икки ҳамкасби ҳибсга олинганини, бироқ уларда бошқа маълумотлар йўқлигини маълум қилишди.
Абубакр оиланинг тўнғич фарзанди бўлиб, Хўжанддаги Иқтисодиёт ва савдо институтини бухгалтерлик мутахассислиги бўйича тамомлаган ва май ойида ўз хоҳиши билан ҳарбий хизматга кетган. Хизматдан кейин у банк соҳасида ишлашни хоҳлаган.
Тожикистон Бош прокуратураси сўнгги ҳисоботида сўнгги уч йилда ҳарбий қисмларда содир этилган жиноятларни яширганлик учун 639 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилганини билдирган.