“Туркия Республикаси ҳудудида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 1995 йилда туғилган фуқаро Сафаров Бахтовар Назарович аниқланиб, қўлга олиниб, Тожикистонга олиб кетилди”, — дейилади назорат органи сайтида август куни эълон қилинган хабарда.
Хабарда қайд этилишича, Бахтовар Сафаров муқаддам наркотик моддалар савдоси учун судланган.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, Бахтовар Сафаров жиноят содир этилганидан бир кун ўтиб, 2023 йил 24 июнь куни Тожикистонни тарк этиб, Туркияга қочиб кетган.
“Ҳозирда жиноят иши бўйича уюшган жиноий гуруҳ раҳбари ва 15 нафар аъзоси аниқланган, улардан 13 нафари қўлга олиниб, қамоққа олинган”, — дейилади хабарда. Қолганларни қидириш давом этмоқда.
Тожикистон Бош прокуратураси аввалроқ «Ориенбанк» раҳбарининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевнинг ўғирланиши ва ўлдирилишида гумон қилинган беш киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. 7 июль куни вазирлик сайтида эълон қилинган хабарда Шуҳрат Исматуллоев Дилшод Саидмуродов тузган жиноий гуруҳ томонидан ўғирлаб кетилгани айтилган. Тергов маълумотларига кўра, Саидмуродов 2022 йилнинг март ойида банкирни ўғирлаш режасини ишлаб чиққан ва шу мақсадда 10 дан ортиқ кишидан иборат қуролли уюшган жиноий гуруҳ тузган.
Исматуллоевнинг ўғирланиши маълум сабабларга кўра ўтган йили содир бўлмаган. Орадан бир йил ўтиб, 23 июнь куни Саидмуродов Рустам Ашуров, Шоҳрух Худжаев, Акбар Аҳмедов ва бошқа уюшган жиноий гуруҳ аъзолари билан биргаликда Исматуллоевни ойналари қорайтирилган “Hyunadi Sonata” автомашинасига мажбуран ўтқазиб, қишлоқ томонга олиб кетишган.
“Ушбу шахслар 24 июнь куни соат 03:00 гача кўрсатилган қишлоқдаги уйлардан бирида фуқаро Исматуллоев Ш.А.ни қийноққа солган. Жисмоний куч ишлатиш, электр токи уриши ва бошқа воситаларни қўллаган ҳолда, кейинчалик уни ўлдирган. Сўнгра жиноят изларини яшириш мақсадида уюшган жиноий гуруҳ Исматуллоевнинг жасадини улоқтириб юборган ва автомашинани «Душанбе-Чаноқ» автомобиль йўлининг 130 километрида Зарафшон дарёсига чўктирган. Шу куни Саидмуродов Д.Х. ва Аҳмедов A.A. Россия Федерациясига қочиб кетган, Худжаев Ш.Х. Туркия Республикасига, Ашуров Р.К. 25 июнь куни Туркия Республикасига, 30 июнь куни у ердан Молдова Республикасига қочиб кетган”, — дейилади Тожикистон Бош прокуратураси хабарида.
Банкирни ўғирлаганлардан бири Рустам Ашуров Молдовага киритилмаганидан сўнг Кишинёв аэропортида чегарачидан тўппончани тортиб олди ва икки зобитни отиб ташлайди. Уни қўлга олиш бўйича ўтказилган операция давомида Тожикистон фуқароси оғир тан жароҳати олиб, Кишинёв шаҳридаги шифохоналардан бирига ётқизилган. 3 июлдан 4 июлга ўтар кечаси Ашуров ўзига келмай касалхонада вафот этди.
Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси раиси Рустам Назарзоданинг 4 август куни журналистларга маълум қилишича, «Ориенбанк» раиси ўринбосари Шуҳрат Исматуллоев ва Тожикистон давлат тижорат университети ўқитувчиси Исмоилжон Раҳмоновнинг жасадлари ҳали топилмаган, аммо “қутқарувчилар бедарак йўқолганлигидан қатъи назар, натижага эришмагунча қидирувни тўхтатмайди.