Ссылки доступа

Вашингтон Киевга қурол-аслаҳа сотиб олиш учун яна 200 миллион доллар ажратади


Қўшма Штатлар 8 август куни Украинага 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратилишини очиқлайди, дея хабар қилди Reuters агентлиги.

Янги ёрдам пакетига минадан тозалаш учун жиҳозлар, “Пэтриот” зенит-ракета мажмуалари ва “Жевелин” танкка қарши мажмуалари учун ўқ-дори, HIMARS зенит-ракета мажмуалари учун реактив ракеталар ҳамда бошқа жиҳозлар киради.

Бу маблағ аввал ажратилган 6,2 миллиард долларлик ёрдам пакетидаги ҳарбий жиҳозлар қийматини ҳисоблашда йўл қўйилган бухгалтерлик хатоси натижасида ортиб қолгани айтилмоқда.

Май ойида Пентагон хато туфайли Киевга етказиб берилган қурол-аслаҳалар қиймати ошириб юборилгани, пировардида қўшимча ёрдамни амалга ошириш имконияти пайдо бўлгани ҳақида маълум қилган эди.

Айни пайтда АҚШ президенти маъмурияти Украинага қўшимча молия ажратишни сўраш устида иш олиб бормоқда. Бунга оид ҳужжат конгрессда кўриб чиқиш учун кузга бориб тайёр бўлади. Бу ҳақда CNN телеканали АҚШ армияси харид бўлими бошлиғи Дуг Буш сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Аввалроқ CNN Оқ уй молиявий йил якунланадиган сентябрь ойи охиригача Украина учун қўшимча маблағ ажратиш илтимоси билан конгрессга мурожаат қилишни режаламаётгани ҳақида хабар қилган эди. Бу “маблағлар ёзнинг ўртасига бориб тугаб қолиши мумкин” деган хавотирни уйғотганди.

Ўтган йили Жо Байден маъмурияти Украинани дастаклаш учун конгрессдан тўрт марта – март, май, сентябрь ва декабрь ойларида қўшимча молия сўраган.

XS
SM
MD
LG