Маълум қилинишича, 8 август куни соат 01:30 ларда Қоракўл тумани марказида тунги хизматга жалб этилган ИИБ ходими ҳамда туман профилактика инспектори туман марказий касалхонасининг травма пункт биноси орқа томонидан ўтаётганида чақалоқ йиғисини эшитган.
Улар шу атрофни кўздан кечирганида девор ёнида яшил рангли пакет ичида ўғил бола жинсига мансуб, тахминан, 3-5 кунлик соғлом ҳолатдаги чақалоқ борлиги аниқланган.
Шу пайтнинг ўзида чақалоқни ИИО ходимлари туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб борган. Унга зарурий биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, соҳа мутахассислари назоратига олинган.
Суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу чақалоқ 2023 йилнинг 4 август куни яшаш хонадонида ҳеч қандай тиббиёт ходимларисиз соат тахминан 08:00 лар атрофида дунёга келтирилган ва 7 август куни соат 21:00 атрофида онаси — 1995 йилда туғилган Б.З. исмли аёл томонидан ташлаб кетилгани фош этилган.
Ҳозирги пайтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.