Ссылки доступа

Тошкентда йўл ўтказгичнинг тўсинлари қулаб тушгани бўйича жиноят иши очилди


Тошкентда 12 август куни аэропорт яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини бир вақтнинг ўзида қулаб тушганди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор ушланди, дея хабар бермоқда Транспорт прокуратураси матбуот хизмати.

Тошкент шаҳар Яккасарой тумани "Бобур" кўчасидан халқаро аэропортга олиб борувчи йўлда қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини бир вақтда қулаб тушган.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ кран ёрдамида ўрнатишда эҳтиётсизлик сабаб бир-бирига урилган ва 5 дона тўсин монтаж жойидан тушиб кетган, дея маълумот берди.

Маълум қилинишича, узунлиги 42 метрлик 5 дона тўсин (балка)лар қулаб тушгани оқибатида 2 млрд 760 млн сўмлик зарар етказилган.

Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабр кўрмаган. Тўсинлар тушган рельслар эса вагон омборига элтади. Ҳодиса поездлар ҳаракатига таъсир қилмаган.

Ҳолат юзасидан Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 3 нафар мансабдор шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмокда, дейилади хабарда.

Маълумот учун, ушбу кўприк қурилиши 2023 йилнинг февраль ойида бошланган бўлиб, объектни 2024 йилнинг декабрь ойигача топшириш режалаштирилган. Июль ойи охирида президент ҳам ушбу қурилиш майдонига ташриф буюрган эди.

Лойиҳа буюртмачиси Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси, бош лойиҳачиси «Кўприкқурилишлойиҳа» унитар корхонаси, бош пудратчи «Кўприкқурилиш» трести ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG