Ссылки доступа

Туркманистон Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» бўйича баёнотлардан хавотир билдирди


Туркманистон Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» кенгайиши мумкинлиги бўйича берилаётган баёнотлардан жиддий хавотирда эканини маълум қилди.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги сайтида «Туркмангаз» давлат концерни раисининг ўринбосари Мирад Арчаевнинг бу масала юзасидан билдирган фикрлари эълон қилинди.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Биричевский Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» лойиҳаси кенгайиши ҳақида фикр билдириб, буни истисно қилмаслигини таъкидлаганди.

«Туркмангаз» давлат концерни раисининг ўринбосари Биричевскийнинг сўзларига қуйидагича муносабат билдирди:

«Жаноб Биричевскийнинг баёноти камида бир нечта саволларни туғдиради. Гап қандай „кенгайиш имкониятлари“ ҳақида кетмоқда, қайси „бошқа давлатлар“ уларга қизиқиш билдирмоқда, газ соҳасида „уч томонлама ҳамкорлик“ ортида айнан нима турибди? Россия дипломати ишлатадиган соддалаштирилган тил бу саволларга жавоб бермайди. Масала бошқа давлатларнинг, жумладан, Туркманистоннинг манфаатларига таъсир қилишини ҳисобга олсак, тўлиқ аниқлик талаб этилади».

«Туркмангаз» расмийси Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Хитой узоқ вақтдан бери Марказий Осиёдан Хитойга табиий газни ташиш бўйича аниқ келишилган ҳажмлар, шартлар, иқтисодий ва техник параметрлар билан ҳамкорлик қилиб келаётганини эслатди.

Ҳозирги вақтда Туркманистон-Хитой газ қувурининг учта тармоғи мавжуд бўлиб, улар орқали мамлакат шарқи ва жануби-шарқидаги конлардан газ етказиб берилади. Учта йўналишнинг барчаси, уларнинг ишлашини таъминловчи ишлаб чиқариш қувватлари фақат Туркманистон ва Хитой томонидан (мос равишда «Туркмангаз» давлат концерни ва Хитойнинг CNPC нефть-газ компанияси) биргаликда қурилган. Бугунги кунда Туркманистон мазкур қувур орқали энг йирик газ етказиб берувчи ҳисобланади: йилига келишилган 55 млрд куб метр ҳажмнинг 40 млрд куб метри Туркманистон томонидан, қолган қисми эса Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан етказиб берилади.

«Қувурни тўлдириш учун бошқа давлатлардан газ олиб келувчи манбалар назарда тутилмаган, Хитойга етказиб бериладиган газ ҳажмларини тақсимлашнинг амалдаги схемасида Туркманистон-Хитой газ қувури лойиҳаси иштирокчилари сонини кенгайтириш режалаштирилмаган. Таъкидлаб ўтиш керакки, Туркманистон хитойлик, ўзбекистонлик ва қозоғистонлик ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларига қатъий риоя қилади ва ҳамкор томонлар ҳам бунга қонуний равишда амал қилишига ишонади», — дейди Мирад Арчаев.

Унинг айтишича, мавжуд инфратузилмадан фойдаланган ҳолда газ етказиб беришнинг келишилган ва расмийлаштирилган ҳажмлари ва схемаларига ҳар қандай ўзгаришлар киритиш учун барча иштирокчиларнинг олдиндан розилиги истисносиз талаб қилинади.

«Айни пайтда Туркманистон билан бу борада ҳеч қандай маслаҳатлашувлар ўтказилмаган. Бундай ёндашув Туркманистон томони учун тушунарсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳисобланиб, мамлакатимиз томонидан газ соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормалари ва амалиётига тўғри келмайдиган деб баҳоланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакат расмий вакилларнинг Туркманистон халқаро мажбуриятларига у ёки бу тарзда таъсир кўрсатадиган, уларнинг бошқа иштирокчилар томонидан бажарилиши бўйича чалкашлик ва спекуляциялар келтириб чиқариши мумкин бўлган баёнотларидан жиддий хавотирда», — дейди «Туркмангаз» давлат концерни раиси ўринбосари.

XS
SM
MD
LG