Ссылки доступа

Сўғд прокурори Истаравшанда милиция ходимлари иштирокидаги муштлашувга изоҳ берди


Инцидент в селе Лакат
Инцидент в селе Лакат

Милиция ходимларини калтаклаганликда айбланаётган Истаравшан шаҳрининг Лакат қишлоғи аҳолисига нисбатан жиноий иш бўйича тергов ниҳоясига етди. Иш мазмунан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборилди, деди Сўғд вилояти прокурори Хўжандда ўтказилган матбуот анжуманида.

Лакат қишлоғидаги воқеа шу йилнинг май ойида содир бўлган. Қишлоқ аҳлининг айтишича, улар вояга етмаган қизни ҳимоя қилишган: учта милиционер уни ойналари қорайтирилган машинага ўтқазиб, кимсасиз жойга олиб кетишган. Қиз бақира бошлаган, уни далада ишлаётган қўшнилар эшитиб қолишган. Улар милиция машинасини ўраб олиб, ўсмирни қўйиб юборишни талаб қилишган. Ҳодисадан сўнг Лакат қишлоғининг тўққиз нафар фуқароси милиция ходимларига ҳужум қилганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Ички ишлар вазирлиги ҳибсга олинганлар маълум бир иш бўйича терговга тўсқинлик қилганини маълум қилди.

Сўғд вилояти прокурори Фурқат Хўжазоданинг айтишича, воқеа Лакат қишлоғида яшовчи ёш йигитнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташдан қочиши билан боғлиқ. “Милиция ходимлари йигитнинг севгилиси борлигини аниқлаган. Улар уни топиб, милиция бўлимига таклиф қилишган. Шундан сўнг, милиция ходимлари қиз билан бирга ўша пайтда далада ишлаётган ҳизматга чақирилувчининг олдига боришган. Бу воқеа ҳам ўша ерда содир бўлган”, — деди вилоят прокурори.

Илгарироқ Истаравшан шаҳар ҳокими Адхам Маъмурзода ҳам ҳақиқатда милиция ходимлари ва қишлоқ аҳолиси ўртасидаги можаро Лакат шаҳрида яшовчи фуқаронинг муддатли ҳарбий хизматни ўташдан қочгани сабабли юзага келганини айтган эди.

Милиция ходимлари томонидан таъқиб қилинаётганидан шикоят қилган вояга етмаган қиз аввалроқ муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи билан алоқаси борлигини рад этган.

Лакат қишлоғида содир бўлган воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида кескин муносабат билдирган. Айрим фойдаланувчилар милиция ходимларини ҳибсга олиш ва жавобгарликка тортишни талаб қилишган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги милиция қизни ушлаб турганини инкор қилди, бироқ Лакат қишлоғининг бир гуруҳ аҳолиси уч милиция ходими калтаклаб, уларнинг тергов ишларига тўсқинлик қилганини айтди.

Озоди радиоси мухбири Лакат қишлоғида бўлиб, маҳаллий аҳоли ва вояга етмаган қизнинг яқинлари билан суҳбатлашди. "Уч нафар милиция ходими қизимни олиб кетишди! У йиғлаб, қўйиб юборишларини сўради. Лекин улар унинг гапига қулоқ солмай, далага, кимсасиз жойга олиб кетишди", - дейди қизнинг онаси Руқия Ниёзқулова.

Сўғд вилояти прокурорининг фикрича, вояга етмаган қиз қариндошларини, жумладан, амакисини жиноий жавобгарликдан озод қилиш учун кўрсатмаларини ўзгартирган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича асосий айбланувчилар бўлган вояга етмаган қизнинг икки амакиси ва Лакат қишлоғининг 3 нафар фуқароси тергов изоляторида суд жараёнини кутмоқда.

XS
SM
MD
LG