АҚШ президенти Жо Байден ўз мактубида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни сентябрь ойи охирида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси очилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё – АҚШ” (С5+1) форматидаги биринчи саммитга таклиф қилди.
«Gazeta.uz»нинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаси бундай саммит ҳақиқатан ҳам режалаштирилганини ва уни ўтказиш ташаббуси билан АҚШ чиқганини тасдиқлади.
Жо Байденнинг мактубида айтилишича, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ президентларининг учрашуви 19 ёки 20 сентябрга белгиланган.
“Мен Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг бўлажак сессиясини интиқлик билан кутаман, унда биз халқларимиз ҳаётидаги энг муҳим масалалар бўйича тараққиётга эришамиз. Умид қиламанки, сиз мен ва бошқа етакчиларимиз билан 19 ёки 20 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган расмий С5+1 йиғилишида биргаликда хавфсизлик, иқтисодий ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш учун қандай қилиб биргаликда ишлашни давом эттиришимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз”, — деб ёзди Жо Байден ўз мактубида.