Ссылки доступа

Ўзбекистон Хитойга газ етказиб бериш ҳажмини оширди


Июль ойида Ўзбекистон Хитойга табиий газ экспортини қиймат кўрсаткичида оширди, дея хабар қилди Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси.

Маълумотларга кўра, йил бошидан буён экспорт ҳажми умумий 295,3 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,6 фоизга кам — 505,87 млн доллар. Буни январь-март ойларида Ўзбекистондаги энергетика инқирози фонида газ экспорти тўхтатилгани билан изоҳлаш мумкин.

Ўтган ойдаги кўрсаткичларни солиштирадиган бўлса, 2022 йил июль ойида 99,55 млн долларлик газ етказиб берилган.

Туркманистон Хитойга газ етказиш бўйича етакчилик қилишда давом этмоқда. Жумладан, мамлакат 5,85 миллиард долларлик газ сотган, ўсиш кўрсаткичи —10 фоиз.

Қозоғистондан газ экспорти эса 5,4 фоизга пасайиб, 614,32 миллион долларни ташкил қилмоқда. Мамлакатнинг Хитойга қанча газ етказиб бергани ҳақида маълумот берилмаган.

Ўтган йили Статистика агентлиги Ўзбекистон 2022 йилда 910,9 миллион долларлик газ экспорт қилгани тўғрисида билдирган. Газнинг асосий қисми Хитойга сотилган. Айни пайтда Хитой ўтган йили Ўзбекистондан 1,07 миллиард долларлик газ харид қилганини маълум қилди. Бу эса Ўзбекистон эълон қилган рақамлардан 159,5 миллион долларга кўпдир.

Ўзбекистон расмийлари 2022 йилнинг декабрида мамлакат ичкарисида кузатилаётган танқислик туфайли Хитойга газ экспорти тўхтатилгани ҳақида билдирган эдилар.

Ўзбекистон газга бўлган эҳтиёжни қондириш учун Россия билан музокаралар олиб борди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 19 июль куни йилига Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр газ сотиб олиш тўғрисидаги келишувга эришилганини билдирди.

Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур шартнома “истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора тадбирлардан биридир”.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш ишлари 2023 йилнинг тўртинчи чорагидан бошланиши ҳақида маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG