Ссылки доступа

Жамбил вилоятининг олти туманида сувсизлик ва жазирама сабабли фавқулодда режим жорий этилди


Қозоғистоннинг Байзак, Жамбил, Кордай, Меркен, Т.Рисқулов ва Талас вилоятларида суғориш суви етишмаслиги ва ғайритабиий иссиқ ҳаво туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда Жамбил вилояти ҳокимлиги сайтида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, ҳозирда жабрланган фермерларнинг зарарини қоплаш учун Қозоғистон ҳукуматининг фавқулодда захирасидан маблағ ажратиш масаласи ҳал қилинмоқда.

Суғориш суви етишмаслиги ва об-ҳавонинг ғайритабиий иссиқлиги сабабли бу йил ҳосилнинг нобуд бўлиши ўтган йилга нисбатан 25-30 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Жамбил вилоятининг бешта туманидаги фермерлар ёзда сув танқислигини бошдан кечирмоқда. Экинларнинг бир қисми қаттиқ жазирамада қуриган. Жамбил вилоятига кирадиган сувнинг 80 фоизи Қирғизистондан келади.

Жорий йилда Қозоғистон маълумотларига кўра, қўшни давлат сув омборидаги сув ҳажми 10 баробарга камайган. Шу ойда Қирғизистон Қозоғистоннинг Жамбил вилоятига суғориш сувини етказиб беришни тўхтатгани маълум бўлди. Экология вазирлиги маълумотларига кўра, бу ҳудудда экинларга зарар етказиш хавфини юзага келтирган. Август ойида Талас дарёси ҳавзасидаги Киров сув омбори ҳажми ўтган йилнинг шу даврига (177,28 миллион куб метр) нисбатан 144,8 миллион куб метрга камайди.

22 август куни Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қўшни давлатга сув етказиб бериш тўхтатилгани муносабати билан “Қирғизистон Қозоғистон олдидаги барча мажбуриятларини бажарган” деб маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, 21 апрелдан бошлаб Киров сув омборидан сув Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида имзоланган сув тақсимоти тўғрисидаги тақвим ва протоколга мувофиқ етказиб берилмоқда. Ушбу давр бошида сув омборида лойиҳа қуввати 550 миллион куб метр бўлган 445,6 миллион куб метр сув мавжуд эди.

22 август ҳолатига кўра, сув омборида 14,5 миллион куб метр сув қолган, бу ўтган йилга нисбатан 92,1 миллион куб метрга кам.

Мутахассисларнинг фикрича, Қозоғистон Евроосиё қитъасининг асосан сув ресурслари танқислигини бошдан кечираётган мамлакатларига киради. Қозоғистонда сув истеъмолининг 65 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Мамлакат ер усти сувларининг қарийб ярми (44,9 куб километр) қўшни давлатлар - Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистондан келади.

XS
SM
MD
LG