Ссылки доступа

Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда мактаб қурди


Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга ташрифининг иккинчи кунида Тоғли Қорабоғдаги Фузулий шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати 23 август куни хабар берди.

Ўтган қарийб 30 йилда Фузулий буткул вайрон бўлиб, “арвоҳ шаҳар”га айланган эди. Ҳарбий ҳаракатларга қадар бу ерда 18 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилган”,- дейилади расмий хабарда.

Президент матбуот хизатининг билдиришича, Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан 950 ўринли мактаб қурилди. Мактабнинг очилиш маросимида икки давлат президентлари рафиқалари билан бирга иштирок этган.

Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни ўзига қайтарди.

XS
SM
MD
LG