Ссылки доступа

"На чироқ, на сув бор, уйларни сув босган". Душанбеликлар ҳукуматдан ёрдам кутмоқда (видео)


В одном из подтопленных домов в столице
В одном из подтопленных домов в столице

Душанбедаги ўнлаб турар-жой бинолари жала ва сув тошқини туфайли вайрон бўлди, якшанба кунидан бери пойтахтнинг кўплаб туманлари ичимлик сувисиз қолмоқда. Аҳоли мутасаддилар муаммони ҳал қилишга шошилмаётганидан шикоят қилмоқда.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, табиий офат оқибатларини ўз кучи билан ҳал қилишга уларда на имкон, на маблағ бор ва шунинг учун ҳам улар расмийлардан ёрдам кутишмоқда.

Душанбе шаҳрида 28 август куни “Худжамбиёи поён” маҳалласида 30 дан ортиқ уйни сув босган. Маҳаллада яшовчи Гулсара Фидоеванинг айтишича, “бутун ҳовли ва учта уй бутунлай сел қолдиқлари билан тўлди. Ошхона ва ертўлани сув босган. Озиқ-овқат пайҳон бўлди. Гиламлар ҳам нобуд бўлди. Тунашга жой йўқ. Ўша тунни қўшнининг уйида ўтказдим".

Сув ва электр энергия танқислиги вазиятни янада оғирлаштирди. Маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро Малика Шоеванинг айтишича, уларнинг уйини сув босганда оиласи ухлаб ётган эди. Улар уйғониб, сув босган уйдан қочиб чиққан, болаларни қариндошларникига жойлаштирган. Аммо унинг ўзи кўчада қолди.


“Бизда на чироқ, на сув бор. Кеча электр ва сувни узиб қўйишди. Маҳалла раисининг олдига бордим, уйимнинг аҳволини қаранг, деди. Тўрт қизим билан нима қилишим керак? Турмуш ўртоғим ва ўғлим Россияда ишлаб юрибди", – дейди Малика.

Якшанба куни кечқурун Тожикистоннинг кўплаб ҳудудларида жала ёғиб, сел келган. Душанбе шаҳрида кучли шамол ва сурункали ёмғирдан кейин электр энергияси бир неча соатга узилиб қолди. Расмийларнинг таъкидлашича, жойларда фавқулодда комиссиялар зарар миқдорини аниқламоқда. Душанбенинг ўзида қурбонлар қайд этилмаган.

Сомоний туманидаги «Шафак» маҳалласи раиси Исломиддин Одинаев «Озоди» радиосига берган интервьюсида “атрофдаги тепаликлардан келган сувдан деярли ҳеч кимнинг уйи омон қолмади. Гарчи сув босиши тез-тез содир бўлиб турса-да, лекин бу йилги сел жуда катта зарар келтирди. Ҳозирда сув таъминоти корхонаси аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласини ҳал қилмоқда”.

Пойтахтдаги «Озоди» радиоси журналистларига кўра, табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари ҳамон давом этаяпти ва ишнинг асосий қисми коммунал хизматлар ва маҳаллий аҳоли томонидан қўлда бажарилмоқда.

Душанбенинг кўплаб микрорайонларида якшанба кунидан бери ичимлик суви йўқ. Айрим боғчалар ота-оналардан сув йўқлиги сабабли фарзандларини уйда қолдиришни сўрашган. Мироблар вазиятни озгина енгиллаштирди, аммо кўп қаватли уйлар аҳолиси сув этишмаслиги юқумли касалликларнинг тарқалишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.

27 август куни кучли ёғингарчилик натижасида республиканинг бир қанча шаҳар ва туманларида сел ва кўчкилар содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 17 киши ҳалок бўлган, ўнлаб уйлар ва транспорт воситалари зарар кўрган. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этар экан, қурбонлар сони янада ошиши мумкин.

XS
SM
MD
LG