Ссылки доступа

Қозоғистон мутассадилари Россияга парвозлар хавфсиз эмаслиги ҳақида огоҳлантирди


Қозоғистон авиация мутассадилари Россия ҳаво ҳудудида дронлар ҳужуми содир этилаётгани сабаб Россияда парвозлар хавфсизлигига таҳдид борлигини эълон қилди.

Бу ҳақда 31 август куни Қозоғистон авиация идоралари Азаттиқ радиосига маълум қилган.

Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги қошидаги Фуқаро авиацияси қўмитасининг Азаттиқ радиосига жавобида айтилишича, “Қозоғистонга қўшни ҳудудларда фуқаролик объектлари ва транспорт инфратузилмаларига такрорий дрон ҳужумлари тўғрисидаги ОАВ хабарларидан сўнг мутассади идоралар фуқаро авиацияси учун хавф даражасининг мониторингини ўтказди. Таҳлил натижаларига кўра, ушбу ҳаво ҳудудида парвозлар вақтида йўловчилар ва ҳаво кемалари хавфсизлигига таъсир этувчи маълум хавф ва таҳдидлар юзага келиши мумкинлиги аниқланган”.

ФАҚ мунтазам ва чартер рейсларини амалга оширувчи Қозоғистон авиакомпанияларига таҳдид ва хавфларни “ўзлари ҳам” баҳолашлари, шунингдек, парвоз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган зарурий чора-тадбирлар кўришлари лозимлигини билдирган.

ФАҚ вакили, авиация хавфсизлиги бошқармаси инспектори Даулетбек Адилбекули қўшни давлатдаги парвозларга таҳдид дронлар ҳужуми билан боғлиқлигини тасдиқлади. У Россия ҳаво мудофаа тизимларининг фаолиятидан келиб чиқадиган хавф-хатарлар ҳам баҳоланганлигига аниқлик киритмади.

Инспекторга кўра, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ҳаво қатновига чекловлар қўйилмаган.

Пайшанба куни самолёт типидаги дрон Москвага яқинлашаётганда уриб туширилди. Москва аэропортларида 130 дан ортиқ рейс кечиктирилди.

Ҳозирда Қозоғистон ва Россия ўртасида мунтазам қатновларни Қозоғистоннинг SCAT ва Qazaq Air, Россиянинг "Аэрофлот", "Азимут", Red Wings компаниялари амалга оширмоқда. Икки авиакомпания - SCAT ва Аэрофлот Москвага парвозларни амалга оширади.

BBC маълумотига кўра, бу йил дронлар Россия ва қўшиб олинган Қримга 190 мартадан ортиқ ҳужум қилган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Россия БМТ авиация агентлиги – Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) бошқарувига кирмади. Аввалроқ, ICAO 187 мамлакат хавфсизлик аудитини қилганда Россияга "қизил байроқ" берган эди, бу фуқаро авиацияси хавфсизлиги соҳасида ушбу мамлакатда жиддий муаммолар мавжудлигини англатади.

XS
SM
MD
LG