Ссылки доступа

Ўзбекистонда газ шоҳобчалари учун кунлик чеклов белгиланганди


Энергетика вазирлиги баъзи автомобиль газ тўлдириш компрессор шоҳобчалари (АГТКШ) учун кунлик газ лимити белгиланганига изоҳ берди.

Аввалроқ маҳаллий журналистлар Самарқанд вилоятидаги метан шоҳобчаларига газ лимити жорий этилгани ҳақида ёзган эди.

Энергетика вазирлигининг изоҳига кўра, табиий газ тақсимот баланси 2018 йилдаги ҳукумат қарори билан тасдиқланган табиий газдан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ шакллантирилади.

Бугунги кунда „Ҳудудгазтаъминот“ АЖ 1173 та АГТКШга 2,5 млрд куб метр табиий газ етказиб берган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 106 млн куб метр кўпдир.

"Табиий газ етказиб беришда газ қувурларининг гидравлик ўтказувчанлигидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб асосида соатлик, кунлик, ойлик ва йиллик газ ҳажмлари белгиланади. Белгиланган газ ҳажмлари эса истеъмолчилар билан тузиладиган шартномаларда кўрсатиб ўтилган бўлиб, истеъмолчиларнинг буюртмаси асосида шакллантирилади", дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик истеъмолчилар қўшимча газ ҳажми хариди юзасидан мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG