58 ёшли Марат Ахметжанов 2022 йил февралидан буён ИИВ раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди. У Тоқаевнинг 1 сентябрдаги мурожаатидан сўнг лавозимидан озод этилган эди.
Бунгача Ахметжанов 2021 йил апрелидан Коррупцияга қарши кураш агентлигини бошқарган, 2016-2021 йилларда эса Бош прокурор ўринбосари бўлган.
Халқаро кузатувчилар Қозоғистонни полиция давлати сифатида таснифлайди. Вазирлик таркибига оддий полициячилардан ташқари Миллий гвардия ва қуролли кучлар киради. Мамлакатдаги норозилик намойишларида оммавий ҳибсга олишлар ҳам Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқхоналарда маҳкумларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани, қийноқларга солинаётганини тез-тез тилга олиб келади. Вазирлик бу масала билан шуғулланаётганини айтсада, қийноқларга оид даъволар камаймаяпти.
Жамбил вилоятига раҳбар этиб тайинланган Ербол Карашукеев бунгача Қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқарган. Бу муассаса Қозоғистонда энг кўп танқид қилинадиган вазирликлардан ҳисобланади. Шу йилнинг баҳорида Тоқаевнинг ўзи бу вазирликни танқид қилган эди.
Бунгача Ербол Карашукеев Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилик қўмитаси раиси, бошқарув раиси, “КазАгро холдинг” АЖ директорлар кенгаши аъзоси, Қозоғистон Республикаси молия вазири ўринбосари ва Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлган.
Бундан ташқари, бугун Қозоғистон президенти Экология ва табиий ресурслар вазирини тайинлади. Бу лавозимга Ерлан Нисанбоев тайинланди. Бунгача у Остона ҳокимининг маслаҳатчиси бўлган.