Ссылки доступа

БМТ Россия Украинада геноцид қилганига етарлича далилларни ҳозирча топмаган


БМТ Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатларини ҳозирча геноцид деб баҳолай олмайди, деди Украинадаги жиноятларни ўрганиш БМТ мустақил комиссияси раҳбари Эрик Мосе.

"Ҳозир қўлимизда Геноцид жиноятининг олдини олиш ва бундай жиноят учун жазо тўғрисидаги Конвенция талабларига жавоб берадиган етарлича далиллар мавжуд эмас", деб изоҳ берган Мосе.

Мосе 2022 йил сентябрида “Россия армияси Украинада катта миқёсда ҳарбий жиноятлар содир этаётганини” айтган эди. Россияликларнинг украинларга нисбатан Комиссия ҳужжатлаштирган уруш жиноятлари орасида қатл, қийноқлар, жинсий зўравонлик ва болаларга қарши жиноятлар, аҳоли пунктларини ўққа тутиш ва бомбардимон қилиш бор.

БМТ Халқаро суди 18 сентябрь куни Геноцид жиноятининг олдини олиш ва бундай жиноят учун жазо тўғрисидаги Конвенциянинг Россия бузганлиги ҳақидаги Украина даъвосини кўриб чиқади.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2023 йилдаги ҳисоботида 2022 йилда рус армияси Украина ҳудудида халқаро гуманитар ҳуқуқни поймол этганини таъкидланган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг август учун ҳисоботида уруш бошланганидан бери Украинада тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар 9,5 минг кишидан ошган, 17 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар орасида 549 нафар бола бор. БМТ гап фақат ҳужжатлаштирилган ҳолатлар ҳақида кетаётганини алоҳида таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG