Ссылки доступа

Қирғизистон президенти Душанбедаги саммитга келди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Душанбега келди.

14-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган бу саммитда кўп томонлама муносабатлар ва минтақавий ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.

Музокаранинг асосий мавзуларидан бири Қирғизистон-Тожикистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўлиб, бу икки томонлама муносабатлардаги энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Чўлпон-Отада бўлиб ўтган IV учрашувда Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. Жорий саммитда Тожикистон ва Туркманистон томонидан ҳам ушбу ҳужжатни имзолаши кутилмоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 972 километр бўлиб, шундан 290 километри баҳслилигича қолмоқда. Чегаралардаги мавҳумлик туфайли қўшни давлатлар ўртасида тез-тез тўқнашувлар содир бўлиб турибди.

XS
SM
MD
LG