Бу ҳақда россиялик расмийлар томонидан амалга оширилаётган интернет-блокировкалар мониторинги билан шуғулланувчи “Роскомсвобода” лойиҳаси маълумот тарқатди.
“Роскомсвобода” қайдича, “Паём”га тўсиқ нашрнинг икки материали туфайли қўйилган. Улардан биринчиси мобилизациянинг эҳтимолий иккинчи тўлқинига бағишланган бўлиб, унда маҳкумлар ҳам урушга жалб қилиниши мумкинлиги ҳақида сўз боради. Иккинчи материалда тожикистонлик мухолифатчи Муҳиддин Кабирийнинг Украинани дастаклаш манифести акс этган. Блокировка қарори жорий йилнинг 31 майида қабул қилинган.
Қирғизистоннинг 24.kg сайтига келсак, унинг тўсилишига ўтган йилнинг 15, 19, 21 ва 22 октябрь кунлари чоп этилган янгиликлар дайжестлари асос бўлган. Уларнинг ҳаммаси Украина урушига бағишланган бўлиб, дайжестларда Россия томонидан Украина ҳудудларининг ўққа тутилиши ва тинч аҳоли ўртасидаги талафотлар, аксилроссия санкциялари ва ҳарбий сафарбарлик ҳақида сўз борган. Мазкур саҳифаларга тўсиқ қўйиш қарори 2022 йил 7 ноябрида қабул қилинган бўлишига қарамай, блокировка фақат жорий йилнинг 12 сентябрига келибгина амалга оширилган.
Ҳар иккала сайтга оид қарорда алоҳида саҳифаларни блокировка қилиш кўзда тутилган бўлса ҳам бутун сайтга тўсиқ қўйилган. Ҳозирда бу сайтлар Россияда фақат VPN ёрдамидагина очилаётгани айтилмоқда.
Роскомнадзор қирғизистонлик ва тожикистонликларга қарашли икки сайтни блокировка қилиб қўйди

Россиянинг Роскомнадзор ташкилоти Украина урушига оид материаллар чоп қилингани важидан Қирғизистоннинг 24.kg ҳамда Тожикистоннинг “Паём” сайтларига тўсиқ қўйган.