Ссылки доступа

“Лукойл” маҳсулот тақсимлаш битими доирасида Ўзбекистонга 103 млн доллардан кўпроқ маблағ ўтказди


LUKOIL Uzbekistan Supply and Trading Ltd ширкати маҳсулот тақсимлаш битими (СРП) доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон давлат бюджетига жами 103,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказган.

Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил I ярим йиллик ижроси юзасидан ҳисобот”ида айтилган.

Ҳисоботга мувофиқ, LUKOIL Uzbekistan’дан келиб тушган маблағлар миллий валютага конвертация қилиниб, давлат бюджети даромадларига (1 триллион 213 миллиард 800 миллион сўм) ўтказилган.

Озодлик жорий йилнинг февраль ойида ёйинлаган махсус суриштирувида Кремлга яқин ширкатлар билан Ўзбекистон ўртасида тузилган маҳсулот тақсимлаш битимларидаги рақамлар омма учун очиқланмаётганини қайд этган эди. Шу нисбатда вазирлик ҳисоботидаги маълумотни СРП бўйича Ўзбекистон давлатига тўланган маблағнинг жамоатчиликка илк маротаба ошкор этилиши дейиш мумкин.

Мазкур суриштирувдан кейин Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов изоҳ бериш учун бир гуруҳ журналист ва экспертларни йиғиб, “Лукойл” Ўзбекистондаги 13 та конда қазиш ишлари олиб бораётгани, ўзаро битимга кўра бундан олинажак даромаднинг 50 фоизи давлатга, 50 фоизи “Лукойл”га қолиши, “Лукойл”га тегадиган 50 фоиз ичида “Ўзбекнефтгаз”нинг ҳам 10 фоизлик улуши борлиги (умумий даромаднинг 5 фоизи) айтган эди. Ўшанда мулозим бу маълумотлар оммадан яшириб келингани хато бўлганини тан олган.

XS
SM
MD
LG