Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V Маслаҳат учрашувида фаҳрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун Душанбега келган. Ташриф чоғида у Имомали Раҳмон билан ҳам учрашган.
Таҳлилчиларга кўра, ташрифдан мақсад Арманистон билан низода иттифоқчилардан дастак олишдир.
Марказий Осиё давлатлари бўйича эксперт Аркадий Дубнов ёзишича, Арманистон билан можаро кескин тус олар экан, Озарбайжонга минтақадаги қардош давлатларининг дастаги алоҳида аҳамият касб этмоқда. Дубновнинг сўзларига кўра, “Жанубий Кавказдаги навбатдаги инқирозга сабаб тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасидаги президентлик сайловлари бўлди”.
Экспертнинг сўзларига кўра, Душанбеда Алиев Ереван билан тинчлик битимини тузишда Озарбайжон шартларини очиқлаш ҳамда куннинг энг долзарб муаммоси – Тоғли Қорабоғда гуманитар фалокатнинг олдини олиш бўйича қарашларини ифодалаш учун қулай минбар топди.
Тожикистонлик сиёсатшунос Парвиз Мулложонов ҳам Алиевнинг тўсатдан Душанбега ташрифига асосий сабаб сифатида Арманистон билан сўнгги можарони тилга олади. "Балким у КХШТ аъзоларидан дипломатик мадад қидираётгандир", - деди Мулложонов.
Марказий Осиё бўйича америкалик эксперт Брюс Панниернинг фикрича, Алиев Душанбега Хитойдан Марказий Осиё, Каспий денгизи ва Озарбайжон орқали Туркия ва Европага ўтадиган транспорт коридори лойиҳаларини тарғиб этиш учун келган бўлиши мумкин. “Озарбайжон Россиядан ўтадиган йўлаклар "мураккаблашган" бир пайтда бу коридорларни тезроқ очилишини фаол тарғиб қилмоқда. Ишончим комилки, у Тожикистонга айнан шу учун келган”, - дейди эксперт.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тўлақонли урушга айланиб кетиши мумкин бўлган навбатдаги можарога сабаб тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасидаги президентлик сайловлари ўтказилиши бўлди.