Ссылки доступа

HRW: Байден Марказий Осиё президентлари билан инсон ҳуқуқларини кўпроқ муҳокама қилиши лозим


АҚШ президенти Жо Байден Марказий Осиёдаги беш мамлакат лидерлари билан шу ҳафта Нью-Йоркда ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши доирасида илк дафъа учрашади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) ушбу музокараларда инсон ҳуқуқлари масаласини биринчи ўринга қўйишга чақирди.

Европа ва Марказий Осиё бўйича HRW директори Искра Кированинг фикрича, рус-украин уруши шароитида Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилаётган АҚШ ва Европа Иттифоқи МО давлатларидан қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини кафолатлашни талаб қилиши лозим.

"Байден сиёсий таъқибни тўхтатишни, сўз эркинлигини таъминлашни, қийноқлар ва давлат зўравонлиги жазосиз қолмасликни узил-кесил талаб қилиши лозим", дейди Кирова.

HRW ўз баёнотида Марказий Осиё беш давлатининг ҳар бирида инсон ҳуқуқлари бузилишига алоҳида эътибор қаратган.

HRW 2022 йил январида Қозоғистонда оммавий норозилик намойишларини бостириш инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши, намойишчиларга нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, ҳибсга олинганларга нисбатан қўпол муомала ва қийноқлар қўллаш билан кечганини қайд этади.

“Қозоғистон ҳукумати ҳалигача норозиликларни бостиришдаги ортиқча куч ишлатишни ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларини жиддий текширмаган, айбдорларни жавобгарликка тормаган”, — дейилади HRW баёнотида. АҚШ расмийлари мустақил тергов ўтказилишини ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши учун масъул бўлганларни жазолашни талаб қилиши ва "Қозоғистондаги қонли январь воқеалари кун тартибидан тушиб қолишига йўл қўймаслиги" керак.

Ҳуқуқбонлар шунингдек Қирғизистонда бир қатор репрессив қонун лойиҳаларини, хусусан, "ёлғон маълумотлардан ҳимоя қилиш" ва "ЛГБТ ташвиқотини" тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қилинганини, Тожикистонда расмийлар Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги норозиликларни ортиқча куч билан бостирганини, фаоллар сохта айбловлар билан қамалаётганини, Туркманистон дунёдаги энг репрессив давлатлардан бири бўлиб қолаётганини, Ўзбекистондаги қорақалпоқ воқеаларида ортиқча куч ишлатилганини ҳамда бунда айбдорлар жазоланмаганини санаб ўтган.

XS
SM
MD
LG