Ссылки доступа

Бош прокуратура: Назарбоевнинг жияни Самат Абиш тергов қилинмоқда


Қозоғистон Бош прокуратураси Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абишга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди.

Абиш январь воқеалари жараёнида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда.

Прокуратура, "ишдаги асосий ҳужжатлар махфий" эканлигини рўкач қилиб, бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган.

Бош прокуратура баёнотни январь воқеалари бўйича айбланаётган МХҚ 5-бўлимининг собиқ бошлиғи Руслан Исқоқов судда буйруқларни собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишдан тўғридан-тўғри олганини айтганидан кейин бермоқда.

Январь воқеалари бўйича 18 сентябрдаги суд мажлисида айбланувчи Руслан Исқоқов бир йил ўтиб, унинг кўрсатмаларига махфий грифи берилганини айтган. Искақовнинг сўзларига кўра, бу “бўлиб ўтган воқеаларда Нурсултон Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Самат Абишнинг ролини яшириш” мақсадида қилинган.

“Улар мен Абишнинг буйруқларини бажарганимни айтишимни истамаяпти”, деди Руслан Исқоқов судда.

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абиш Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасидан январь воқеаларидан сўнг озод қилинган.

Бу кўпчилик Тоқаев билан Назарбоевга яқин одамлар ўртасидаги элиталараро кураш деб ҳисоблаётган ушбу воқеалар манзарасида Қозоғистон МХҚда рўй берган навбатдаги шов-шувли ишдан олишдир.

8 январь куни МХҚ собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнатда гумонланиб, ҳибсга олингани хабар қилинган эди. 13 январь куни МХҚ матбуот хизмати унинг ҳокимиятни куч билан босиб олишда гумонланаётганини очиқлаган. Масимовнинг икки собиқ ўринбосари ҳам айни гумон билан қамоққа олинган.

43 ёшли Самат Абиш қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимини 2015 йилдан бери эгаллаб турган эди, унгача қарийб уч йил раис ўринбосари бўлган. Абиш 2000 йилдан бери миллий хавфсизлик тизимида ишлаган.

Карим Масимов қўлга олингани маълум бўлганидан сўнг маҳаллий ОАВлар ўз манбаларига таяниб, Самат Абиш ҳам ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган, бироқ бу маълумот тасдиқланмаган.

Собиқ президентнинг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли бўлмиш Самат Абиш 2017 йилда амакиси – Нурсултон Назарбоев қўлидан генерал-лейтенант погонларини олган.

XS
SM
MD
LG