Ссылки доступа

Ўзбекистоннинг яна бир табиий мерос объекти ЮНЕСКО рўйхатига киритилди


Ўзбекистон иштирокидаги "Мўътадил минтақадаги Турон чўллари" трансчегаравий табиат объекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.

Ушбу воқеа 10–25 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-кенгайтирилган йиғилишида содир бўлди.

Қозоғистон ва Туркманистон билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу номзодноманинг Ўзбекистонга тегишли қисми Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тайёрланган.

"Мўътадил минтақадаги Турон чўллари" Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилган Ўзбекистондан қатнашган иккинчи объект ҳисобланади. 2016 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги "Ғарбий Тянь-Шань" объекти ушбу рўйхатдан ўрин олган.

Таъкидланишича, янги объект ЮНЕСКО рўйхатидаги мўътадил чўллар тоифасига кирадиган биринчи объект ҳисобланади.

Ҳудуднинг Ўзбекистонга доир қисми Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платоси ҳудудларида жойлашган 2 млн гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган бир-бирига чегарадош бешта таркибий қисм — Сайгачи, Сайгачи-Белеули, Сайгачи-Дуана, Сайгачи-Жидейли ҳамда Жанубий Устюртдан иборат.

XS
SM
MD
LG