Ссылки доступа

CPJ Остонани журналист ва ҳуқуқбонларга муносабатда Кремлдан илҳомланмасликка чақирди


Ташкилот Қозоғистонда илк бор эълон қилинган “хорижий агентлар” реестрига қатор ҳуқуқбон ва журналистлар киритилганидан хавотирда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) халқаро ташкилоти 21 сентябрь куни тарқатган баёнотида қозоқ мутасаддиларидан журналистлар ва ҳуқуқбонларнинг шахсий маълумотларини ошкор қилишни тўхтатишни сўраган. Шунингдек, халқаро ташкилот қозоқ журналистларига хориж билан алоқалари деб таъқибдан қўрқмасдан ўз фаолиятини эркин олиб боришга имкон беришни сўраган.

CPJ таъкидлашича, журналистлар, ОАВ ва ҳуқуқбон ташкилотларни қандайдир рўйхатга қўшиш ҳамда уларнинг шахсий маълумотларини оммага ошкор қилиш Россияда "хориж агентлари" тўғрисидаги қонунчилик қабул қилинганидан сўнг содир бўлаётган жараёнларни эслатиб юборяпти.

“Агар қозоқ ҳукумати Кремлдан илхомланиб, журналистика ва ҳуқуқбонликни чекламоқчи бўлса, у тўғри йўлда кетяпти”, деди CPJ Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурлари координатори Гулноза Саид.

Қозоғистон Молия вазирлиги ўтган ҳафта “хорижий агентлар” реестрини эълон қилган эди. Рўйхатга 240 нафар жисмоний ва юридик шахс, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва хорижий ширкатлар ваколатхоналари киритилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон бюроси, Erkindik Qanaty жамғармаси, Қозоғистон ёшлар ахборот хизмати, Masa.Media нашри, MediaNet халқаро журналистика маркази, Халқаро ҳуқуқий ташаббус, "Ор.Рух.Хақ" инсон ҳуқуқлари жамғармаси, “Одил сўз” жамғармаси, “Яшил нажот” экология жамияти, Қозоғистон Касаба уюшмалари федерацияси “хорижий агентлар” рўйхатининг юридик шахслар қисмидан ўрин олди.

Шунингдек, “хорижий агент” сифатида журналист Айнур Коскина, парламент депутатлигига собиқ номзод Динара Эгеубаева ҳамда “За нами уже виехали” Youtube канали муаллиф" Дмитрий Дубовитскийлар қайд этилган.

Озодлик радиоси қозоқ хизмати Молия вазирлиги “хорижий агентларнинг” исмидан ташқари, шахсий идентификация рақамлари ҳам ошкор қилинганига эътибор қаратди.

Бундан ташқари, хорижий компания ва жамғармаларнинг ваколатхоналари ҳам “хорижий агентлар” реестрига киритилган. Улар орасида Газпромбанк, Reuters ахборот агентлиги, Киев витамин заводи ва Голландиянинг Марказий Осиёда силга қарши кураш марказининг ваколатхонаси ҳам бор.

2022 йилда Қозоғистон Солиқ кодексига чет элдан маблағ оладиган шахслар реестрини шакллантиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилган эди.

XS
SM
MD
LG