Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўн кишини генерал унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни 7 сентябрда имзолаган, бироқ бу ҳужжатнинг нусхаси билан Озоди радиоси 24 сентябрь кунигина танишиб чиқишга муваффақ бўлган.
Биргина сентябрда Тожикистон президенти "хизмат кўрсатган" ўн кишига генерал унвонини берди.
Фармонга мувофиқ, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлигида янги учта генерал пайдо бўлди.
Прокуратура тизимида адлия генерал-майори унвони Тожикистон бош прокурори ўринбосари, ҳарбий прокурор Икром Зоирзодага берилган.
Мудофаа вазирлигида тўрт нафар полковник генерал-майорга айланган.
Ички ишлар тизимида яна иккита генерал пайдо бўлган.
Тожикистонда ҳар бир муҳим байрам арафасида хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига олий офицерлик унвонлари, жумладан, генерал-майор рутбаси тақдим этилади.
Тожикистонда ҳозир қанча генерал борлиги номаълум. Аввалроқ маҳаллий ва хорижий матбуотда Тожикистонда қисқа вақт ичида генераллар "жуда болалаб кетгани" айтилган эди.
Тожикистон ҳукумати бу унвонни “алоҳида хизматлар учун эътироф” сифатида билади. Бироқ мухолифлар ҳукумат бу унвондан режимга содиқликни рағбатлантириш учун фойдаланаётганини иддао қилмоқда. Уларнинг айтишича, баъзи генераллар ҳатто мажбурий ҳарбий хизматни ўтамаган.