Ссылки доступа

Тожикистонда ун бир ҳафтада деярли 20 фоизга қимматлади


Ун нархлари бутун Марказий Осиёда кескин ошмоқда.

Қолган Марказий Осиё мамлакатларида кузатилаётган ун танқислиги ва қимматлашиши Тожикистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Маҳаллий аҳоли муаммонинг ечимини ҳукуматдан кутмоқда, лекин ҳукумат вакиллари ун нархининг ошиши уларга боғлиқ эмаслигини айтмоқда.

Душанбе бозорларида бир қоп биринчи навли ун 25 сентябрь куни 330 сомонийдан (30 долларга яқин) сотилди. Ўн кун аввал унинг нархи 270 сомоний эди.

Тадбиркорларнинг айтишича, ун ташқи омиллар таъсирида қимматлашмоқда. “Қозоғистоннинг ўзида ҳам ун нархи ошди, энди бу нарх бизнинг бозорларга етиб келди, – дейди ун сотувчиси Исмоил Нуров.

Тожикистон Монополия билан курашиш хизмати ҳам Қозоғистонда ноқулай об-ҳаво ва мунтазам ёғингарчилик туфайли буғдой ҳосилининг бир қисми нобуд бўлганини ва бу уннинг нархига таъсир қилганини айтган.

Тожикистон ҳукумати захира эвазига ун нархини барқарорлаштирмоқчи. Арзонроқ ун давлат томонидан ташкил этилаётган махсус озиқ-овқат ярмаркаларида сотилмоқда.

Бундай кўргазмаларда бир қоп ун 260 сомоний ($23)га сотилмоқда, лекин бундай тадбирлар Тожикистоннинг барча бозорларида ҳам ўтказилмайди.

Тожикистон ун ва буғдой импортига қарам мамлакат ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг унга бўлган йиллик талаби қарийб 1,5 миллион тоннани ташкил этади, бироқ Тожикистонда бундай миқдорда ғалла етиштириш учун экин майдонлари йўқ.

XS
SM
MD
LG