Жапаров аввал Кампиробод сув омборининг 100 фоизи Ўзбекистон тасарруфида бўлганини, ўтган йили чегара муаммоси билан бирга сув омбори муаммоси ҳам ҳал этилганини, Қирғизистон ва Ўзбекистон эндиликда бу объектни тенг шартларда бошқаришини айтган.
Жапаровга кўра, Қирғизистон Кампиробод сувларининг атиги 10 фоизини ишлатади, қолгани Ўзбекистонга кетади.
"Энди энг муҳим саволга эътиборни қаратмоқчиман. Ўзбекистон томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга кетаётган сувни қандай қилиб олишининг бизга қандай фарқи бор? Сув қувур, ариқ ёки ҳаво орқали кетмайдими, бизга нима. Муҳими, эндиликда ҳар бир ҳаракат томонлар ўртасида келишилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бундан буён қирғиз-ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади. Худодан бошқа ҳеч ким бизнинг дўстона ришталаримизни бузолмайди”, — деган Жапаров интервьюда.
Хитойнинг “SINOMASH” холдинги “Кампиробод” сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳасини амалга оширмоқчи эканлигини 24 сентябрда Фарғона вилоят ҳокимияти маълум қилган эди.
“Ушбу лойиҳаларга Хитой молия муассасалари томонидан камида 20 йил муддатга 300 миллион долларгача миқдорда ёки эквалентида долларда йиллик 3 фоизгача бўлган кредит ажратиш бўйича дастлабки келишувга эришилди”, дейилган хабарда.
Жапаров интервьюда Озодликнинг қирғиз хизмати томонидан эълон қилинган видеолавҳада Кампиробод Қирғизистонга тегишли бўлганини иддао этилганини танқид қилган. Қирғиз президенти бу иддаоларни “одамларни чалғитишга уриниш” деб изоҳлаган.
Озодлик радиоси муҳокама қилинаётган видеолавҳа таҳририй таҳлил мақсадида ижтимоий тармоқлардан олиб ташланганлигини, сайтдаги хабар тузатилганини билдирган.
2022 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат чегарасидаги Кампиробод сув омборини ҳамкорликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилган эди.
Шартномага асосан Кампиробод сув омбори эгаллаган 4485 гектар ер Ўзбекистон ҳудуди сифатида тан олинган. Қирғизистон ҳукумати бунинг эвазига Ўзбекистондан 19 минг гектар ер олинганини билдирган.
Бироқ Қирғизистонда бу шартнома норозиликларга сабаб бўлган ва айрим сиёсатчилар томонидан “қирғиз ерларини Ўзбекистонга бериб юбориш” сифатида талқин қилинган. Шу фонда мамлакатда "Кампиробод иши" деб номланган жиноят иши очилиб, 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар ҳибсга олинган. Шулардан 11 нафари ҳамон ҳибсда сақланмоқда, қолганлари уй қамоғига ўтказилган. Тергов деярли 8 ой давом этиб, материаллар судга 2023 ёзида тақдим этилган.
Садир Жапаров Фарғонага "Кампиробод"дан ичимлик суви олиб келиниши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 26 сентябрь куни «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида Хитой Фарғонага "Кампиробод"дан тоза ичимлик суви олиб келинишини молиялаштириши ҳақидаги хабарларга тўхталган.