Ссылки доступа

Тоғли Қорабоғнинг деярли бутун аҳолиси Арманистонга кўчиб ўтди


Тоғли Қорабоғ қочоқларини қабул қилиш пункти
Тоғли Қорабоғ қочоқларини қабул қилиш пункти

Арманистонга Тоғли Қорабоғдан келган этник арманлар сони 100 минг кишидан ошди. Қочоқларнинг 34 мингдан кўпроғи уй-жой билан таъминланган. Бу ҳақда Арманистон ҳукумати маълум қилди. 

Аввалроқ расмийлар Тоғли Қорабоғда жами 120 минг этник арман истиқомат қилишини билдирган эди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг собиқ вазири Артак Бегларяннинг сўзларига кўра, минтақада бир неча юз киши қолган, улар ҳам кетиш арафасида. Бегларян аҳолига халқаро хавфсизлик кафолатлари берилса, одамлар уйларига қайтиши мумкинлигини айтган.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Арманистондаги вакили Кавита Белани маълум қилишича, ташкилот шу кунгача қочқинларга нисбатан зўравонлик ишлатилганини қайд этмаган. Ташкилот аҳолининг оммавий қочиши жиддий гуманитар муаммо эканлигини, бироқ Озарбайжон томони қочқинларга нисбатан муносабатда ўзини муносиб тутаётганини эътироф этмоқда.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдан арман миллатига мансуб аҳоли ёппасига чиқиб кетаётганини қайд этиб, Озарбайжонни этник тозалаш сиёсати юритаётганликда айблаб чиқди.

Аммо Боку барча этник арманларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланиши ва таъминланишини эълон қилган.

19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.

28 сентябрда тан олинмаган республика раҳбари Самвел Шахраманян Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йилнинг 1 январидан эътиборан тугатилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.

XS
SM
MD
LG