Ссылки доступа

 
СЭС Ҳиндистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни янги вирусдан огоҳлантирди

СЭС Ҳиндистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни янги вирусдан огоҳлантирди


 Деҳли манзараси
Деҳли манзараси

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ҳиндистонга борувчи ўзбекистонликларни Nipah вируси авж олаётганидан огоҳлантирди. Бу ҳақда қўмитанинг Telegram-каналида маълум қилинди.

Қўмита ижтимоий тармоқлардаги Ҳиндистоннинг Керала штатида тарқалган нипаҳ вирусидан икки киши вафот этгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бераркан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу штатда мазкур инфекция авж олаётгани ҳақидаги маълумотини тақдим этганини билдирди.

22 сентябрь ҳолатига кўра, нипаҳ инфекцияси бўйича олтита ҳолат тасдиқланган бўлиб, иккита ўлим ҳолати юз берган. Нипаҳ вируси — бош мия яллиғланиши ёки нафас йўллари касалликлари билан кечадиган жиддий хасталикни келтириб чиқарадиган вирус тури ҳисобланади.

Савдо-сотиқ ишлари бўйича борувчи тадбиркорлар ёки саёҳат учун Ҳиндистонга боришга чоғланган ўзбекистонликларга мазкур вирусдан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳимлиги эслатиб ўтилган: шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш; меваларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш; янги сиқилган хурмо шарбатини қайнатиб ичиш; кўршапалаклар тирнаши ёки тишлаши натижасида тешилган меваларни истеъмол қилмаслик.

“Ҳар қандай касалликнинг олдини олишда белгиланган қоида ва тавсияларга амал қилиш муҳим ҳисобланишини унутманг”, дейилади расмий маълумотда.

XS
SM
MD
LG