Душанбеда фаолияти тақиқланган “Гуруҳ 24” собиқ фаоли Низомиддин Насриддинов 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳукм шу йилнинг 29 сентябрь куни эълон қилинган, дейди исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озоди радиоси билан суҳбатлашган маҳкама иштирокчиларидан бири.
Насриддинов 2016 йилларда “Гуруҳ 24” ва Ислом уйғониш партиялари материалларини ижтимоий тармоқларда тарқатганликда айбланган. Аввал унга нисбатан экстремизм ва экстремистик фаолиятни оқлаш айблови асосида жиноят иши очилган. Кейинчалик бу айблов “конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириш” айбловига ўзгартирилган. Мухолифатчи мана шу айблов асосида саккиз ярим йилга қамалди.
Судда Насриддинов ўз айбини тан олмаган ва “бир видеодагина Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни танқид қилганини” айтган.
Тожикистонда тақиқланган “Гуруҳ 24” ҳаракатининг собиқ фаоли Низомиддин Насриддинов 2015 йил октябрь ойидан бери Германияда яшаб келган. Германия ҳукумати 35 яшар Насриддиновга ва оила аъзоларига сиёсий бошпана берган. Германияда автомашина савдоси билан шуғулланган Насриддинов январда Беларусга иш билан борган ва чегарада қўлга олинган. У, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эътирозларига қарамай, Тожикистонга экстрадиция қилинган.
Аввалроқ Беларуснинг Human Constanta инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Энира Броницкая Тожикистон ҳукумати фаолни 2017 йилдан бери Тожикистон президенти ва ҳукумати танқид қилинган видеоларини ижтимоий тармоқларда тарқатгани учун таъқиб қилаётганини айтган.
Тожикистон расмийлари Насриддинов борасида сукут сақламоқда.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз баёнотида Низомиддин Насриддинов ишида жиноят аломати йўқлигини айтиб, Насриддиновга Германиядаги оиласига қайтишига рухсат берилишини талаб қилган.
Тожикистонда тақиқланган “Гуруҳ 24” ҳаракатининг собиқ фаоли конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақиришда айбланмоқда. Унинг ўзи “бир видеодагина Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни танқид қилганини” айтмоқда.