TikTok ижтимоий тармоғи Ўзбекистонда 2021 йил июлида блокланган эди. Бунга тармоқ “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунчилигини бузгани сабаб қилиб кўрсатилган.
TikTok билан бирга “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунни бузганлар рўйхатига Twitter, “ВКонтакте” ва WeChat ҳам киритилганди. TikTokдан бошқа тармоқлар бу рўйхатдан 2022 йил августида чиқарилган эди.
Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.
Ташкилот мамлакатларни 100 баллик шкалада баҳолаган бўлиб, унда Ўзбекистонга 25 балл берилган. Ўтган ҳисоботда балл 27 эди. Бунда балл пасайгани сари эркинлик шунчалик озлиги англашилади.
Сингапурнинг TikTok PTE LTD ширкати 5 октябрь куни Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани тўғрисида Солиқ қўмитаси маълум қилди. Эндиликда мазкур ширкат 12 фоиз ҚҚС солиғини тўлайди.