Ссылки доступа

Қирғиз махсус хизмати собиқ депутат Турсунтой Салимовнинг ҳибсга олиниши сабабини очиқлади


Жўқорғу Кенешнинг собиқ депутати, Бишкекдаги "Мадина" бозорининг эгаси Салимов ўғрибоши Қамчибек Колбаевнинг жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкини легаллаштиришда ёрдам берганликда гумонланиб қўлга олинган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилишича, Турсунтой Салимов уюшган гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш ҳамда одамни ўлдиришга уринишда гумонланмоқда.

Жўқорғу Кенешнинг собиқ депутати, Бишкекдаги "Мадина" бозорининг эгаси Салимов ўғрибоши Қамчибек Колбаевнинг жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкини легаллаштиришда ёрдам берганликда гумонланиб қўлга олинган. У билан бирга шу жиноий иш доирасида яна 20 дан ортиқ гумонланувчи ҳибсга олинган.

“Салимов Қамчибек Асанбек ва унинг жиноий гуруҳи фаолиятига доимий ҳомийлик қилган. Салимов шунингдек, жиноий олам аъзоларининг моддий аҳволини ва қамоқда сақлаш шароитларини яхшилаш мақсадида ахлоқ тузатиш муассасаларига доимий равишда пул ва бошқа моддий бойликлар ажратиб турган”, — дейилади МХДҚ баёнотида.

Шунингдек, собиқ депутат вақти-вақти билан "рақобатчиларини ва бошқа шахсларни қўрқитиш, уларнинг мол-мулки ва бизнес лойиҳаларини ўзлаштириш мақсадида" ўғрибоши билан танишлигидан фойдаланган.

Бишкекнинг Первомайский туман суди эҳтиёт чораси сифатида 8 октябрь Турсунтой Салимовларни МХДҚ тергов изоляторига жойлаштирган.

67 ёшли Турсунтай Салимов 5-чақириқ Жўқорғу Кенеши депутати эди. 1990 йиллар бошида у Бишкекдаги "Мадина" бозорига асос солган.

Аввалроқ маҳаллий ОАВ ўз манбаларига таяниб хабар беришича, ўғрибоши Қамчибек Колбаевнинг қудаси бўлмиш Рустам Турдиев ҳам жиноий гуруҳ тузиш бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олинган.

Махсус хизмат маълумотларига кўра, “Асанбек ва унинг шериклари, яқинлари товламачилик ва босқинчилик йўли билан қўлга киритган мол-мулкни легаллаштиришга алоқадор бўлган".

МХДҚ 2008 йилдан буён Колбаев тузган жиноий гуруҳ фаолиятини таҳлил қилар экан, Қамчибек Колбаев “тизимли ва мақсадли равишда жиноий империя яратганини” ҳамда “жиноий фаолият орқали ноқонуний равишда бойиб, доллардаги миллиардерга айланганини” қайд этган.

Идоранинг маълумотларига кўра, Колбаев, унинг қариндошлари ва шерикларининг ноқонуний тарзда орттирилган бойликлари қаторига 850 дан ортиқ кўчмас мулк киради: виллалар, коттежлар, ҳашаматли уйлар, қурилаётган бинолардаги квартиралар, дам олиш масканлари, оромгоҳлар, ресторанлар, ер участкалари, отхоналар ва ов масканлари, 60 дан ортиқ ҳашаматли автомобиллар, қимматбаҳор заргарлик буюмлари ва бошқа мол-мулклар.

Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда ўтказган амалиётда Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. Колбаев уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳисобида турган.

2012 йилда АҚШ уни йирик наркобарон деб топиб, собиқ Иттифоқ мамлакатларининг 10 нафар криминал авторитети қаторида “қора рўйхат”га киритган.

2021 йил март ойида эса Давлат департаменти Колбаевни қўлга олиш, жазога тортиш, шунингдек, у асос солган жиноий гуруҳнинг молиявий схемасини йўқ қилишга кўмак берувчи маълумот учун мукофотни 5 миллион долларга оширган.

Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

XS
SM
MD
LG