Ссылки доступа

Қозоғистон Россия манфаати учун қозоқ нефти Ўзбекистондан сиқиб чиқарилаётганини рад этди


Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Ерлан Аккенженов Россия манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон бозоридан қозоқ нефти сиқиб чиқарилаётгани тўғрисида пайдо бўлган хабарларни рад этди.

Tengrinews.kz нашрининг хабар беришича, Аккенженов Москва билан имзоланган шартномага мувофиқ Қозоғистон йилига ўз ҳудуди орқали 300 минг тонна Россия нефтини транзит қилишини билдирган. Йил бошидан бери бу ҳажмнинг 79 минг тоннаси Ўзбекистонга етказиб берилган. Айни пайтда Қозоғистон 2022 йилда Ўзбекистонга 87 минг тонна, жорий йилнинг 9 ойида эса 46 минг тонна нефть экспорт қилган.

“Айрим интернет ресурсларда Россия манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон бозоридан қозоқ нефти сиқиб чиқарилаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди. Бу нотўғри маълумот. Бугунги кунда Ўзбекистонга 87 минг тонна қозоқ нефти транспортировка қилинган. Агар биз нефть етказиб бериш шартлари яхшиланишига эриша олсак, ўз-ўзидан бу миқдор кўпаяди. Муайян миқдордаги Россия нефти ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонга транзит қилинади, лекин у Қозоғистон экспорт қилаётган нефтдан озроқдир”, - деди Ерлан Аккенженов.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистон Хитой ва бошқа давлатлардан кўра манфаатлироқ нарх ва шароитларни таклиф қилса, Қозоғистон уларни кўриб чиқишга тайёр.

6 октябрь куни Москванинг “Ведомости” газетаси Россия Ўзбекистон билан нефть экспортини кўпайтириш бўйича шартномага эришгани ва ”рус нефти қозоқ нефтини ўзбек бозоридан сиқиб чиқараётгани”ҳақида ёзган эди. Бироқ Ўзбекистон сотиб оладиган нефть миқдори аниқ айтилган эмас. Шу билан бир қаторда Қозоғистон Ўзбекистонга темир йўл орқали етказиб бериладиган нефть миқдорини минимал даражага тушириган. “Ведомости”нинг ёзишича, бунга Россия нефти Қозоғистонникидан арзонлиги сабаб бўлган.

Расман билдирилишича, жорий йилнинг иккинчи чорагида Қозоғистон орқали Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига Россия нефтини транзит қилиш 4 баробарга кўпайган ва 37,9 минг тоннани ташкил қилган.

Россия темир йўл орқали Ўзбекистонга 2023 йилнинг олти ойида 1,2 миллион тонна нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб берган. Бу 2022 йилнинг мос даврига солиштирганда 5,2 марта кўпдир.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам, Кремль ҳам Россиядан олинаётган нефть ва газ нархини сир тутмоқда.

XS
SM
MD
LG