Ссылки доступа

Россиялик депутат Ўзбекистонда мигрантлар пулига рус тили мактаблари қуришни таклиф қилди


Россия Давлат Думаси вице-спикери Пётр Толстой собиқ Совет иттифоқига кирган давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда Россияда ишлаётган мигрантлар ҳисобидан рус тилида ўқитиладиган мактаблар қуришни таклиф қилди.

Бу таклиф Россия давлат думаси раиси ўринбосари Пётр Толстой томонидан 14 ноябрь куни Федерация кенгашида бўлиб ўтган «Рус тилини сақлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати: ҳолати, муаммолари ва ечимлари» мавзусидаги парламент эшитувида билдирилди.

“Рус тили барча собиқ иттифоқ республикалари ҳудудида миллатлараро мулоқот тили бўлиши керак. Афсуски, бугунги кунда Россия муҳожирларга нисбатан пассив позицияда”, дейди Толстой.

У собиқ СССР таркибига кирган давлатларда рус мактаблари тизимини ривожлантириш муҳим эканини, чунки бугунги кунда рус тили миллатлараро мулоқот тили сифатида фақат Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда қўлланилишини айтган.

“Аммо Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда бундай эмас. У ерда рус тилидаги мактабларни қуриш, 90-йилларда "ўлдирилган" совет интеграция тизимини ривожлантиришда бизнинг ҳисобимиздан эмас, юқоридаги давлатлар ҳисобидан мустақил равишда, уларнинг фуқаролари Россияда ишлаш вақтида ўз ватанларига юборадиган даромадлар ҳисобига амалга оширилишини таклиф қиламан”, деган Дума вакили.

Олий Мажлис депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов россиялик ҳамкасбининг сўзларига жавоб қайтарди.

«Ўзбекистон депутат Пётр Толстойнинг томорқаси эмас. Ўз мамлакати ва фуқаролари муаммолари билан шуғуллансин. Ўзбекистонда рус тили — эркин мулоқот тили. Биз иттифоқчи мамлакат мақомига мос ишлаяпмиз. Депутат Толстой эса йўқ», — деди у.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам бу ҳолатга муносабат билдирди.

«Вице-спикер Толстойга жавобан ўзбек тилини билмайдиган хизматчиларни ишдан ҳайдашни таклиф қилишимиз керак (ми?). Биз бошқа йўлдан борамиз — уларга ўзбек тилини ўргатамиз. Сиз эса ўзингиз ишлашни ўрганинг. Бу рус тилига қачонлардир ҳақиқий ҳурмат пайдо бўлишига олиб келиши мумкин», — дея таъкидлаган Қодиров.

XS
SM
MD
LG