"Досье" суриштирувлар маркази Россия президенти Владимир Путин ва унинг яқинлари фойдаланаётган иккита суперяхтани аниқлаганини даъво қилмоқда.
Бу 71 метрли "Виктория" ва унга ҳамроҳ бўлиб юрган 38 метрлик "Орион" яхталаридир. Илгари бу кемалар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас эди.
"Виктория" яхтасини нашр "Владимир Путиннинг Қора денгиз флотилиясининг флагмани" деб атаган. Айтилишича, кема айни дамда Туркиянинг Тузла портида таъмирланмоқда.
Путин билан 20 йилдан кўпроқ вақт олдин ишлаган нашр манбасига кўра, «Виктория» яхтаси Россия президентининг буйруғи билан 2000 йилларнинг ўрталарида «Севмаш» ҳарбий заводида аввалроқ ошкор этилган «Грейсфул» яхтаси билан бирга қурилган.
Яхта Путиннинг дўсти Геннадий Тимченконинг тузилмаларида рўйхатга олинган. Яхтани қуриш учун деярли 14 йил вақт кетди. Унинг қиймати 50 миллион долларга баҳоланмоқда.
«Досье» ёзишича, кема экипажи Путиннинг бошқа яхталарида ишлаган одамлардан иборат. «Виктория» Сочида жойлашган ва вақти-вақти билан Геленжикдаги Путиннинг саройига бориб туради.
"Досье" таъкидлашича, "Виктория" яхтасидан Владимир Путинга яқин деб ҳисобланган Алина Кабаева фойдаланган. Италияда "Шаҳризода" яхтаси ҳибсга олинганидан сўнг, "Виктория" ҳозирда Путин фойдаланаётган яхталарнинг энг каттасидир.
Қора денгиз флотилияси таркибига президент маъмурияти балансидаги «Чайка», Путиннинг дўсти Юрий Ковалчукка алоқадор ташкилотга тегишли «Шеллест» ва «Орион» ҳам киради. Шунингдек, Болтиқ денгизида учта яхтадан иборат шунга ўхшаш «флотилия» мавжуд бўлиб, уларнинг энг каттаси "Грейсфул" яхтасидир.