Ссылки доступа

Пентагон раҳбари Ллойд Остин Киевга борди


 Ллойд Остин
Ллойд Остин

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 20 ноябрда расмий ташриф билан Киевга борди. У X (собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғида бу борада қолдирган маълумотида, Вашингтон Украинани Россияга қарши урушда қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

Мен бугун муҳим бир муждани етказиш учун бу ерга келдим – Қўшма Штатлар Украинани Россия агрессиясига қарши озодлик учун курашини ҳозирда ҳам, келажакда ҳам қўллаб-қувватлайди”, деб ёзди Остин.

Пентагон расмий баёнотида айтилишича, Остин Украина расмийлари билан учрашувларда “Қўшма Штатлар ва Украина ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, қиш мавсумида украин аскарларини зарур ҳарбий воситалар билан таъминлаш масаласини муҳокама қилади”.

Остин билан биргаликда Киевга НАТО бирлашган кучларининг Европадаги бош қўмондони генерал Кристофер Каволи ҳам ташриф қилди.

Аввалроқ президент Жо Байден Конгрессдан Исроил, Тайвань, Украинага ҳарбий ва гуманитар ёрдам сифатида 106 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлашни илтимос қилган эди.

Конгресс ҳозирча Украинага 2024 йилда ажратиладиган маблағ масаласида қарор қабул қилмади. Байден маъмурияти бу вазиятдан ташвиш билдирган.

XS
SM
MD
LG