Суд миллиардернинг шикоятини кўриб чиқиш учун расмий асослар етарли эмас деб топган.
“Эълон қилинган қарорга кўра, Федерал конституциявий суд Сенатининг иккинчи палатаси Ўзбекистон ва Россия фуқароси бўлган аризачининг яхтаси тинтув қилинишига эътироз билдирган шикоятни кўриб чиқиш учун қабул қилмади”, — дейилади суд қарорида.
Ҳужжатда айтилишича, Конституциявий суд айрим саволларга жавоб бермаган. Хусусан, «давлатнинг сиёсий қарорлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган» шахснинг Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритилиши инсон ҳуқуқларига зид эмасми деган саволга.
Адвокатларнинг аниқлик киритишича, улар афсусда бўлсалар ҳам, суд қарорини ҳурмат қилишади. Айни пайтда, ҳужжатда қайд этилганидек, улар кейинги ҳаракатлар вариантини, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят қилиш имкониятини ўрганмоқда.
“Федерал Конституциявий суд конституциявий шикоятни фақат процессуал сабабларга кўра рад этди”, — деди адвокатлар баёнотида.
Август ойида маълум бўлишича, Алишер Усмонов Германия Федерал Конституциявий судига Бремен портидаги «Дилбар» яхтасида тинтув ўтказишни мулк дахлсизлигининг бузилиши деб ҳисоблагани учун даъво билан мурожаат қилган эди. Тинтувлар тадбиркорга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштиришда гумон қилинаётган иш бўйича тергов доирасида ўтказилган.