Ссылки доступа

Ўзбекистонда 11 ойда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2080 киши ҳалок бўлди


Ўзбекистонда 2023 йилнинг январидан ноябригача ўтган 11 ой давомида 8693 та ЙТҲ содир этилди. Уларда 2080 киши ҳалок бўлди ва 8055 киши жароҳатланди. Бу маълумот Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида ошкор этилди.

Хабарда айтилишича, қўмита мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Хабарда мазкур қонуннинг қайси моддаларига айнан қандай ўзгартишлар киритилиши ва бундан қандай мақсадларга эришилиши назарда тутилаётгани аниқ ифода этилмаган.

Расмий билдирувдан англашинишича, транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда. Маст ҳолда қўлга тушган ҳайдовчиларни “уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда”.

Хабар давомида Ўзбекистонда минглаб “йўл-транспорт ҳодисаларининг юз беришига асосан фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган жавобгарликни менсимаслиги ва амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлаётгани” таъкидланади.

Ички ишлар вазирлиги 2022 йилда 9902 ЙТҲ содир этилгани, уларда 2356 киши ўлгани ва 9606 киши жароҳатланганини билдирган эди.

Ўшанда вазирлик ЙТҲларнинг 48,1 фоизи пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилмагани, йўлни иккига ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмагани, пиёдалар ҳаракатини чекловчи тўсиқлар ўрнатилмагани, йўл қопламаси носозлиги, велойўлаклар ташкил этилмагани ва светофор ёки йўл белгиси ўрнатилмагани сабаб юз берганини билдирганди.

XS
SM
MD
LG