Ссылки доступа

Бухорода боласини 1,5 йил калтаклаб келган аёлга жиноят иши очилди


Бухоронинг Шофиркон туманида аёл 5 ёшли боласини 1,5 йилдан ортиқ вақт давомида бешикка боғлаган ҳолда калтаклаб, қийнаб келгани аниқланди. Ҳолат болалар омбудсмани назоратига олиниб, жиноят иши қўзғатилди.

Бу бўйича омбудсманга мурожаат ва видео келиб тушган. Унда С.Н. (аёл) кичик ёшдаги фарзандини 2 йилдан бери калтаклаб, қийнаб келаётгани баён этилган.

Туман ички ишлар органлари олиб борган терговга қадар текширувда аниқланишича, С.Н. 5 ёшли фарзандини бешикка боғлаган ҳолда таёқ ва бошқа жисмлар билан муттасил равишда узоқ вақт давомида (2022 йил мартидан 2023 йил ноябригача) калтаклаб, қийнаб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Н.га нисбатан ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми, «а»,«в» бандлари (вояга етмаган, ожиз аҳволдалиги аён бўлган шахсни қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Шофиркон тумани ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу турдаги жиноят учун жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG