Ссылки доступа

Эрондаги йирик терактни содир этган тожикистонликларнинг исми ошкор қилинди 


“Ислом давлати” Эроннинг Кирмон шаҳрида 3 январдаги портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

3 январда Эрон жануби-шарқидаги Кирмон шаҳри қабристонидаги портлашни мамлакатга ноқонуний тарзда кириб келган "Абдулло Точики" амалга оширган. Унинг ҳақиқий исмини Эрон разведка хизмати ҳозирча маълум қилмаган. Иккинчи худкуш 24 ёшли Исроил Бозоров эканлиги айтилмоқда.

Абдулло Точики нафақат худкушлик амалиётига раҳбарлик қилган, балким қўлбола бомбани ўзи ясаб берган. Тергов маълумотларга кўра, у худкушлик амалиётидан икки кун аввал мамлакатни тарк этган.

Исроил Бозоров "Ислом давлати" гуруҳига Телеграм орқали қўшилиб қолганлиги айтилмоқда.

Шунингдек, Эроннинг бир неча шаҳрида 35 нафар гумонланувчи қўлга олинган.

Кўплаб давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган “Ислом давлати” Эроннинг Кирмон шаҳрида 3 январдаги портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Портлаш 3 январда Эрон жануби-шарқидаги Кирмон шаҳри қабристонидаги 2020 йилда ҳалок бўлган Ислом инқилоб посбонлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний мақбараси яқинида содир этилган эди. Шу куни Сулаймоний хотирасини ёд этишга бағишланган тадбир ўтказилаётганди.

Расмий Теҳрон портлашда 91 киши ҳалок бўлганини ва 280 киши яраланганини маълум қилди. Ахборот агентликлари эса камида юз киши ўлганини ва 200 нафардан ортиқ киши яраланганини ёзмоқда.

Ислом инқилоб посбонлари корпусининг “Ал Қудс” бўлинмасига қўмондонлик қилган генерал Сулаймоний 2020 йилнинг 3 январида Бағдод шаҳрида президент Дональд Трамп кўрсатмаси билан АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди.

XS
SM
MD
LG