Ссылки доступа

Қирғизистонда 11 нафар журналист 48 соатга ҳибсга олинди


Бу журналистларнинг барчаси суриштирув журналистикасига ихтисослашган “Temirov Live” лойиҳасининг амалдаги ёки собиқ ходимларидир. 

16 январь куни милицияга олиб кетилган журналист ва фаоллар 48 соатга ИИВ изоляторига тиқилди. Бу журналистларнинг барчаси суриштирув журналистикасига ихтисослашган “Temirov Live” лойиҳасининг амалдаги ёки собиқ ходимларидир.

Аввалроқ уларнинг уйларида тинтувлар ўтказилганлиги хабар берилган эди. Тинтувдан сўнг журналистлар милиция бўлимларига олиб кетилган.

Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот тарқатиб, бу маълумотни тасдиқлади. Вазирликнинг билдиришича, “Айт Айт Десе” ва “Temirov Live” лойиҳаларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “аҳолини оммавий тартибсизликларни уюштиришга чақириқ мавжуд бўлган материаллар борлиги аниқланган ва шу муносабат билан жиноят иши қўзғатилган”.

Расмий баёнотда “Айт Айт Десе” ва “Temirov Live” да нашр этилган айни қайси мақолалар тўғрисида сўз бораётгани ва қанча киши сўроқ қилингани тўғрисида маълумот берилмади. Баёнотда “Арча медиа” ва “ПолитКлиника” нашрлари тилга олинмаган.

“Темиров LIVE” лойиҳасининг асосчиси, 2022 йилда Қирғизистондан мажбурий равишда депортация қилинган Болот Темиров бу ҳолатни ўз команадасининг касбий фаолияти билан боғлади.

“Темиров LIVE” 2023 йил декабрида Ички ишлар вазири Улан Ниязбековга оид бир неча журналистик суриштирувларни эълон қилган эди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Тилек Оторов бу суриштирувларни “асоссиз” деб атаган.

Бишкекда 15 январь куни ҳам 24.kg ахборот агентлиги Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тинтув қилинганди. Тинтувдан сўнг агентлик биноси муҳрланди ва 24.kg бош директори Асел Оторбаева ва муҳаррир Моҳинур Ниёзова Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан сўроққа олиб кетилган. Улар сўроқдан сўнг озод қилинган. Расман билдирилишича, журналистлар “урушни тарғиб қилиш” моддаси асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

XS
SM
MD
LG