Ссылки доступа

Тожикистонда қизғин баҳсларга сабаб бўлган асар муаллифлари судланмоқда


Абдухалил Ҳолиқзода (чапдан) ва Абдуқодир Рустам
Абдухалил Ҳолиқзода (чапдан) ва Абдуқодир Рустам

Китобда муаллиф мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитининг аҳволи, коррупция, маданият ва таълим даражасининг пасайиб бораётганидан хавотир билдирган.

Тожикистонда қизғин баҳсларга сабаб бўлган “Ҳаводиси рўзгори ман” асарнинг муаллифи Абдухалил Холиқзода ва маъсул муҳаррири Абдуқодир Рустамларнинг тергов иши якунланиб, иш судга оширилди.

“Ибн Сино” тожик-эрон клиникаси асосчиси Абдухалил Холиқзода “Хаводиси рузгори ман” (“Менинг ҳаётий воқеаларим”) китобини март ойида нашр этган. Китобда муаллиф мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитининг аҳволи, коррупция, маданият ва таълим даражасининг пасайиб бораётганидан хавотир билдирган. Китобнинг айрим бўлимлари ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди ва муаллиф мамлакатнинг айрим ҳудудлари аҳолиси шаънини ҳақорат қилишда айбланди.

Китобнинг барча нусхалари китоб дўконлардан мусодара қилинди, муаллифни Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон “тожик халқини ҳақорат қилиш, маҳаллийчилик, одамлар ўртасида адоват қўзғатиш, уларни турли мазҳаб ва динларга бўлиш, мамлакат хавфсизлигига беқарорлик киритиш”да айблади.

Абдухалил Холиқзодага қарши Жиноят кодексининг 189-моддаси 2-қисми “Ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий, диний (конфессиявий) адоват ёки нифоқ қўзғатиш” моддаси билан иш очилган. У беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзини Тожикистон президенти сиёсатининг тарафдори эканлигини урғулаган Абдуҳалил Холиқзода барча айбларни инкор этмоқда. Унинг таъкидлашича, китобдаги фикрлар, асосан, камчиликларни тузатиш, ислоҳ, миллат фаровонлиги ва тараққиётига қаратилган.

Халқаро ҳамжамият азалдан Тожикистон ҳукумати мухолиф фаоллар ва журналистларни қатағон қилаётганини, мустақил матбуотга босим ўтказаётганини танқид қилиб келади. Масалан, ўтган бир ярим йил ичидаёқ Тожикистонда саккиз нафар журналист ва блогер тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорликда айбланиб, 7 йилдан 21 йилгача қамалган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларнинг ўзи бу айбловларни уйдирма дея инкор этади.

XS
SM
MD
LG