Ссылки доступа

Қирғиз парламентининг қўмитаси “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллади


Қирғиз жамоатчилиги қонунчиликка “хорижий вакил” тушунчасини киритишни таклиф қилган депутат Нодира Нарматованинг ушбу ташаббусини Россия андозасидаги “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун деб атамоқда ва уни кучга киритишга қаратилган сўнгги уринишлар муваффақиятли бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Жўқорғи Кенешнинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси 23 январь куни “Нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишларни иккинчи ўқишда маъқуллади.

Депутатлар лойиҳага киритган асосий ўзгартириш “фуқароларга нисбатан зўравонлик” да айбдор деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини 5 йилгача эмас, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш бўлди.

Қирғиз сиёсатчилар хориждан маблағ олувчи нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш учун йиллар давомида баҳсли қонунчилик ташаббусларини илгари суриб келмоқда. “Нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ва Қирғизистон Жиноят кодексига таклиф этилаётган ўзгартишлар мана шулардан бири.

Қирғиз жамоатчилиги қонунчиликка “хорижий вакил” тушунчасини киритишни таклиф қилган депутат Нодира Нарматованинг ушбу ташаббусини Россия андозасидаги “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун деб атамоқда ва уни кучга киритишга қаратилган сўнгги уринишлар муваффақиятли бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Ушбу қонун лойиҳаси маъқулланса, хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олишда ва ҳисобот тақдим қилишда қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади.

Қонун лойиҳасида хорижий агент деганда “хорижий вакиллик функциясини” бажарувчи ва “Қирғизистон ҳудудида олиб борилаётган сиёсий фаолиятда иштирок этувчи” ёки жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи нодавлат ташкилоти тушунилиши келтирилган.

Қонун лойиҳасига кўра, бундай ташкилотлар мажбурий аудитдан ташқари, ҳукуматга молиявий ҳисоботларини асослаб бериши ва ҳатто ўз тадбирларида ҳукумат вакилларининг иштирок этишига рози бўлиши керак.

Қонун лойиҳасида “фуқароларга нисбатан зўравонлик ёки уларнинг соғлигига зарар етказиш ёхуд фуқароларни ўз фуқаролик бурчларини бажаришдан бош тортишга ундаш” да айбдор деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Нотижорат ташкилотлар ҳуқуқи бўйича халқаро марказнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасидаги аксар бандлар нодавлат сектор ишчилар ҳуқуқларини камситади.

Қонун лойиҳаси матнининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилган.

“Энди нотижорат ташкилотни рўйхатдан ўтказиш жараёни янада мураккаблашади. Тугатиш жараёни эса соддалаштирилди”, - дейди “Адилет” юридик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Чўлпон Жакупова.

Қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий жамоатчилик қирғиз ҳукуматидан қонун лойиҳасини рад этишга чақирган.

XS
SM
MD
LG