Ссылки доступа

Қирғизистонда энди «оғир» жиноий ишлар томонлар ярашуви билан ёпилмайди


Шунингдек, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар учун даъво муддати ўтиб кетмайди, пробация назорати ва гаров эвазига қўйиб юбориш қўлланмайди, чунки булар "жабрланувчиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига ишончини ўлдиради".

Қирғизистон президенти Садир Жапаров жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда 23 январь куни президентнинг матбуот хизмати хабар берди.

Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига киритилган ўзгартиришларга кўра, судгача босқичда бўлган оғир жиноятлар билан боғлиқ ишлар томонларнинг ярашуви билан ёпилмайди. Шунингдек, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар учун даъво муддати ўтиб кетмайди, пробация назорати ва гаров эвазига қўйиб юбориш қўлланмайди, чунки булар "жабрланувчиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига ишончини ўлдиради".

Қирғизистонда жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар учун жазо илк маротаба кучайтирилмаяпти. 2022 йил август ойида президент болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолаганди.

Қирғизистонда кўпинча жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар аёллар ва болаларга нисбатан содир этилади. 2023 йилдаги WPS (Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индекси) ҳисоботига кўра, Қирғизистон иккинчи йил Марказий Осиёда аёллар учун энг хавфли давлат деб тан олинган. Ҳисоботда қирғизистонлик аёлларнинг 13 фоизи яқинлари томонидан зўравонликка учрагани айтилган.

XS
SM
MD
LG