Ссылки доступа

Россияда ичида украиналик асирлар бўлгани айтилаётган учоқ қулаб тушди


Россиянинг Белгород вилоятида Ил-76 ҳарбий-транспорт учоғи қулаб тушган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик иддаосича, учоқ бортида аввал Украина Қуролли кучлари сафида хизмат қилган 65 нафар ҳарбий асир бўлган, экипажнинг 6 аъзоси ва уч нафар назоратчи бўлган. Бу кишилар Белгород вилоятига асир алмашиш учун олиб кетилаётгани айтилган.

Авиаҳалокат ҳақида биринчи бўлиб 112 телеграм-каналининг манбаси хабар қилган. Белгороддаги телеграм-каналлар учоқ қулаши акс этган кадрларни ёйинлашган. Уларда учоқ катта тезликда қулаб, портлаганини кўриш мумкин.

"Медиазона" нашрининг ёзишича, Ил-76 Яблонний қишлоғи яқинида қулаган. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков бошқа тафсилотларни очиқламаган ҳолда "воқеа жойи"га кетганини маълум қилган. Айни пайтда учоқ қулаган жойда тергов гуруҳи ва ФВВ ходимлари фаолият олиб бормоқда, деб ёзган мулозим ўз телеграм-каналида. Бунгача минтақада ракета хавфи ҳақида эълон қилинган эди. Россия Мудофаа вазирлиги вилоят устида дрон уриб туширилгани ҳақида маълумот тарқатган.

"Украинская правда" ва "РБК-Украина" нашрлари ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, Ил-76 Украина Қуролли кучлари томонидан уриб туширилганини хабар қилишган. Нашрлар қайдича, учоқ Харьков вилоятини ўққа тутиш мақсадида С-300 зенит-ракета мажмуалари учун ракеталар олиб кетаётган бўлган. Кейинроқ ҳар иккала нашр ўз хабарларини таҳрир қилишиб, ундан учоқ қулашига Украина Қуролли кучлари алоқадорлигига оид сатрларни олиб ташлашган.

"Мэш" телеграм-канали Россия учоғи Украина Қуролли кучлари томонидан "Пэтриот" ракета мажмуаси воситасида уриб туширилганини иддао қилган. Телеграм-канал маълумотига кўра, бу учоқдан аввал ҳам асирларни етказиб беришда фойдаланилган, шунинг учун ҳам у Белгороднинг ёпиқ аэропортидан фойдаланган ҳолда, анча эркин парвоз қилиб турган.

Украина расмийлари учоқ ҳалокати юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам масаланинг моҳияти бўйича бирор жавоб беролган эмас. "Бу анча янги маълумот. Ҳозир нима бўлганини текшириб, ўрганамиз", деган у.

Россия Давлат думаси депутати Андрей Картаполов ичида 80 га яқин украиналик асир бўлган яна бир Ил-76 учоғини "ортга қайтаришга улгурилгани"ни маълум қилган. Унга кўра, Украина расмийлари асир алмашиш ҳақида ва асирлар қай йўл билан етказилиши ҳақида билишар эди. Картаполов тахминича, "учоқ ё Patriot зенит-ракета мажмуасининг учта ракетаси ёхуд Германияда ишлаб чиқарилган Iris-T мажмуаси ракеталари воситасида уриб туширилган.

"Энди асир алмашиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас", дея қайд этган депутат кейинроқ Shot телеграм-канали мухбири билан суҳбатда.

Россия парламенти қуйи палатаси спикери Вячеслав Володин Ил-76 ҳалокати муносабати билан АҚШ Конгресси ва Германия Бундестагига Давлат думаси мурожаатини топширган.

XS
SM
MD
LG