Ссылки доступа

Қозоғистонда босмахоналар январь воқеалари ҳақидаги китобни чиқаришни рад этмоқда


Аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу китобга "қизиққан" эди.

Журналист Дониёр Молдабеков хабар беришича, "Қантар" дея ном олган қонли январь воқеалари ҳақидаги китобини чоп этаётган нашриёт босмахоналар ушбу китобни чиқаролмаслигини маълум қилган.

Аввалроқ ушбу нашриётга “ҳуқуқ-тартибот идоралари” мурожаат қилиб, китобни “тақдимотдан аввал ўқиб чиқишни” сўраган эди.

“Китобим устида ишлаётган нашриётнинг айтишича, босмахоналар уни чоп этишдан хавфсирамоқда. Аввалдан буюртма берганларга пули қайтарилади. Китобни албатта чоп этаман, фақан энди қаерда ва қай тарзда чоп этилиши ҳақида ўйлаш керак", деб ёзган журналист ўзининг Телеграм каналида.

Озодликка берган изоҳида нашриёт "китоб бизга боғлиқ бўлмаган техник сабаблар деб" чоп этилмаслигини билдирган.

Дониёр Молдабековнинг “Қантар жили” (ўзбекчада “Январь йили”) номли китоби 2022 йилнинг январида содир бўлган қонли воқеалар ҳақидадир.

Бу воқеаларга нарх-наво қимматлашгани ва турмуш даражаси пасайиши сабаб бўлган эди. Суюлтирилган газ нархини тушириш талаби билан Қозоғистон ғарбида бошланган норозилик акциялари мамлакатнинг деярли барча шаҳарларини қамраб олган умуммиллий намойишларга айланиб кетди. Бироқ тинч митинглар тўрт кундан сўнг бебошликлар ва қон тўкилиши билан якун топди. Қозоғистон илтимоси билан мамлакатга КХШТ кучлари киритилган эди.
Қозоғистон президенти Тоқаев чет элда етиштирилган аллақандай “террорчилар” мамлакатга ҳужум қилгани ва ҳокимиятни босиб олишга уринганини иддао қилди. Аммо у ўз иддаосини тасдиқлайдиган бирон бир ишончли далилни кўрсатгани йўқ.

Айни чоғда ҳуқуқбонларда тутқунлар “терроризм”, “оммавий тартибсизликлар”, “қурол ўғирлаш” ва бошқа жиноятларини тан олишлари учун тергов изоляторларида қийноққа солингани ва турли босимларга йўлиққани ҳақида бир қанча гувоҳлик кўрсатувлари мавжуд.

XS
SM
MD
LG