Ссылки доступа

Қозоғистонда аккредитациядан ўтмаган хорижий ОАВ фаолияти тақиқланиши мумкин


Қозоғистонда янгиланаётган "ОАВ тўғрисидаги" қонунга хорижий оммавий ахборот воситалари аккредитацияси масаласига доир қўшимчалар киритилди.

Депутатлар Ташқи ишлар вазирлигига "миллий хавфсизликка таҳдид бўлса" хорижий ОАВларга аккредитация бермаслик ёки берилган аккредитацияни бекор қилиш ҳамда суддан ташқари тартибда хорижий ОАВ фаолиятини тўхтатиш ваколатини бермоқчи.

Шунингдек, хорижий ОАВ ва унинг журналистлари ТИВ аккредитациясисиз Қозоғистонда фаолият юритишини тақиқловчи норма киритилмоқда.

Парламент ҳозирда янгилаётган "ОАВ тўғрисидаги" қонунга ушбу қўшимчаларни депутатлар, вазирликлар ва фуқаролик жамияти вакилларидан иборат ишчи гуруҳ 25 январь куни қабул қилди.

Аввалроқ Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган эди.

Мутасаддилар ушбу қонун лойиҳаси “сўз эркинлигини таъминлаш, журналистиканинг мавқеини ва давлат ахборот сиёсати самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга имкон беришини” иддао қилмоқда. Бироқ журналистлар ва медиаюристлар янги ўзгартиришлар “цензурани кучайтириши” мумкинлигидан хавотирда. Уларнинг фикрича, қонун шу кўринишда қабул қилинса, ОАВ устидан давлат назорати сезиларли даражада кучаяди.

Ҳозирда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодлик радиосининг 36 нафар мухбирига аккредитация бермаган ёки аккредитациясини чўзмаган. Улар орасида аккредитацияси 2022 йилдан бери узайтирилмаган журналистлар ҳам бор. Амалдаги қонунчиликка кўра, Ташқи ишлар вазирлиги икки ой ичида мухбирга аккредитация бериш ёки буни рад этиш тўғрисида асосланган қарор қабул қилиши керак.

Январь ойида ТИВ Озодлик радиосининг мухбирларига аккредитация бермаслигини маълум қилган эди. Озодлик радиосининг қозоқ хизмати бу қарор устидан судга шикоят қилмоқда.

XS
SM
MD
LG