Ссылки доступа

Ҳуқуқбонлар: ҳибсга олинган 11 қирғиз журналисти ҳалигача тергов изоляторига ўтказилмаган


Суд Temirov Live лойиҳасининг собиқ ва амалдаги ходимларини икки ой тергов изоляторида сақлаш ҳақида ҳукм чиқарган бўлса-да, журналистлар ҳамон маҳаллий полиция бўлинмасида сақланмоқда.

Бу ҳақида Озодлик радиосининг қирғиз хизматига Қийноқларнинг олдини олиш маркази раҳбари Бахит Рисбеков маълум қилган.

Ҳуқуқбонлар журналистларни полиция бўлинмасида сақлаш қонунчилигига мувофиқлигини кўриб чиқиш талаби билан прокуратурага мурожаат қилди.

Жазони ижро этиш хизмати журналистларни тергов изоляторига ўтказиш Ички ишлар вазирлигининг ваколати эканлигини таъкидлади. Ички ишлар вазирлигидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 нафар ходими 16 январь куни ҳибсга олинган эди. Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

19 январь куни Президент Садир Жапаров Қирғизистонда журналистлар оммавий тартибда ҳибсга олинаётгани, қатор таҳририятларда тинтув ўтказилаётгани борасида изоҳ берар экан, ҳибсга олинганлар “профессионал журналист эмас”лигини ва улар “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини” айтган.

Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.

XS
SM
MD
LG