Ссылки доступа

Тожикистон президенти матбуот хизматини Заробиддин Косимий бошқаради 


Тожикистон президентининг матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзода нафақага чиққани муносабати билан ўз лавозимидан озод этилди.

Унинг ўрнига 29 январь куни Тожикистоннинг Мисрдаги элчиси лавозимида ишлаб келаётган Заробиддин Косимий тайинланди.

Сўнгги йилларда Тожикистон президенти матбуот хизмати мустақил оммавий ахборот воситаларга президент фаолияти борасидаги маълумотлар олишни тобора чеклаб қўйгани ва журналистлар билан деярли мулоқот қилмаслиги учун кўп танқидларга учраётган эди. Янги матбуот котиби келиши билан бу борада қандайдир ижобий силжишлар бўлиши даргумонлигича қолмоқда.

Асл касби шарқшунос бўлмиш Заробиддин Косимий 2005 йилгача ИИВ ва Мудофаа вазирлиги матбуот марказларида, 2015 йилгача президент маслаҳатчиси ва матбуот хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. У «Ховар» миллий ахборот агентлигини ҳам бошқарган. Оҳирги пайтлар у Тожикистоннинг Саудия Арабистонидаги ва Мисрдаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимларида ишлаб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG